“Пирлар мададкор бўлсин!” дейиш жоизми?
Савол:Ассалому алайкум, қори ака. Яқинда укам чет эл сафарига кетди. Сафардан олдин уйдагилар билан хайрлашаётганида, бувим дуо қилаётиб: “Пирлар мададкор бўлсин”, дедилар. Тоғам бунга жавобан: “Ҳамма нарсани Худодан сўраш керак”, дедилар. Саволим шундан иборат: пир, кимнингдир руҳи ёки шунга ўхшаш нарсалар мадад берсин ёки қўлласин, дейиш тўғрими? Иложи бўлса, батафсил жавоб берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан катта раҳмат!
Булим6615
Ва алайкумус салом. Мўмин банда фақат Аллоҳга ибодат қилиши ва У Зотдангина ёрдам сўраши лозим. Унутмайлик, сафардаги одамга узоқдаги қариндошлари ёки ўтиб кетганлар руҳи кўмак беролмайди. Маййитлар тириклардан туҳфа – савоб келиб қолармикан, деб умид қилиб турадилар холос. Энди ўзимиз ўйлаб кўрайлик: тириклардан умидвор бўлган маййитлар руҳи қандай қилиб уларга ёрдам беролсин?! Ўзи кўмакка муҳтож одам бировга мадад қўлини чўза оладими?!
Балолардан асраш, фарзанд бериш, мушкулларни аритиш маййитлар қўлидан келмайди. Бу нарсалар фақат Аллоҳдан сўралади. Агар кимдир “пирлар қўлласин”, “ўтган руҳи мададкор бўлсин” деб улардан ёрдам сўраса, истионатда Аллоҳга шерик қилган бўлади. Ўзини билган инсон бундай жумлаларни ишлатмаслиги керак.