АЛЛОҲ САБР ҚИЛУВЧИЛАР БИЛАН БИРГА
17.8.2015 6844

      Аллоҳу таоло инсон зотини барча жонзотдан афзал қилиб яратди. Уни ақл ва идрок соҳиби қилди. Унга беҳисоб неъматларини берди. Шу билан бирга уни синовлар билан имтиҳондан ўтказишни ҳам ирода қилди. Ҳақиқий мўмин киши ҳаётида учрайдиган барча салбий ҳолатларга сабр-тоқат қилади ва Парвардигоридан бунинг эвазига ажр-савоб ато қилишини сўрайди. Бу ҳақда ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўмин киши сифати ҳақида бундай деганлар: “Агар мўминга хурсандчилик етса, шукр қилади. Бу унга хайрлидир. Агар унга бирон зарар етса, сабр қилади. Бу ҳам унга хайрлидир”(Имом Аҳмад ва Муслим ривояти).
    Мўмин киши имон-эътиқодидан келиб чиқиб, ҳаётнинг барча оғир синовлари, турли мусибатлар, бетоблигуйўқотишларга сабр қилиши натижасида Аллоҳ таолонинг улкан мукофотларига сазовор бўлишини қуйидаги ояти карималар мисолида кўришимиз мумкин: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир”(Бақара, 155 – 157).
    Демак, сабр қилиш – улуғ фазилат экан. Сабрнинг маъноси ҳар қандай ҳолатда инсон ўзини ушлаб ва тўхтатиб туришидир. Сабрнинг яна бир маъноси бирор нарсани кутиб туришдир. Зеро, сабр қилиш муваффақиятлар ва саодатлар гарови эканини барчамиз яхши билишимиз зарур экан. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!”(Оли Имрон, 200).
    Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Сабр қийинчиликларни беркитувчи ва бахтсизликда ёрдамчидир”. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) шундай дейди: “Қийинчиликка сабр қилиш энг яхши чорадир”.
    “Сабр” лафзи умумий бўлиб, бир қанча фазилатларни жам қилади ва улар турли исмлар билан номланади. Масалан, урушда сабр қилишлик шижоат деб аталади. Турли мусибатларга сабрли бўлганни қалби кенг ва матонатли киши дейилади. Бу ҳақда Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий кенг маълумот бериб бундай дейди: “Сабр агар қорин ва фарж шаҳватида бўлса, у иффат деб аталади. Бирон-бир ёмонликка сабр қилиш бўлса, умумий сабр номи берилган. Имонга тааллуқли аҳлоқларнинг аксари ҳам сабрга тегишлидир. Зеро, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир гал имон ҳақида сўрашганида, “Имон сабрдир”, деб жавоб қилганлар. Чунки имоннинг кўпгина улуғ амаллари сабр билан бўлади”.
     Инсон ўз табиатига кўра бошига бирон-бир мусибат тушса, ғам чекади, хафа бўлади. Бу табиий, инсоний ҳиссиётдир, айб ҳисобланмайди. Аммо бу ҳиссиётга қаттиқ берилиш, натижада ҳаддан зиёд дод-фарёд қилиш ва ўзини йўқотиб қўйиш ножоиз амал ҳисобланади. Балки сабрли кишига энг муносиби чиройли сабр қилиши ва ўзига етган мусибатдан асло шикоят қилмаслигидир. Юсуф сурасида эса Яъқуб (алайҳиссалом) тилларида чиройли сабр қилиш зикри икки марта келган.
    Ҳазрати Расул акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сабрнинг даражаси ва ўрнига баҳо бериб, бундай деганлар: “Сабр зиёдир”. Бошқа бир ҳадисларида эса: “Сабр имоннинг бир бўлагидир”, деб айтганлар.
     Қуръони каримда сабр ва унинг фазилати тўғрисида жуда кўплаб ояти карималар мавжуд. Имом Аҳмад (розияллоҳу анҳу) шундай дейди: “Қуръоннинг тўқсон ерида сабрнинг зикри келган. “Сабр қил” калимаси ўн тўққиз марта такрорланган”. Қуръони каримнинг юздан зиёд ўрнида сабрга чорловчи амрлар, сабр қилувчиларга бўладиган улуғ савоблар ҳақида сўз юритилган. Масалан, Аллоҳ таоло амр қилиб бундай деган: “Сабр қилинг! Бас, албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар мукофотини зое қилмагай”(Ҳуд, 115).
    Бундан ташқари, Аллоҳ таолонинг “Сабр қилинглар”, деган амри олти марта зикр қилинган. Шунинг учун ҳам уламолар якдиллик билан сабр қилиш ҳар бир кишига вожибдир, дейишган. Зеро, имоннинг ярим бўлаги сабр бўлса, қолган ярми шукр қилишдир. Сабрнинг даражаси шу қадар улуғки, ҳатто Аллоҳ таоло уни Ўзининг сифатларидан бири қилган. Зеро Аллоҳ таоло чиндан ҳам “Сабур”дир, яъни осийларни гуноҳи учун дарҳол жазоламайди. Ҳадиси қудсийда “Дарҳақиқат Мен Сабурдирман”, деб ривоят қилинган.
   Шунингдек, Қуръони каримда сабр Пайғамбар ва элчиларнинг сифати экани ҳам зикр қилинади: Аллоҳ таоло хабар бериб айтади: “Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни (эсланг). Барчалари сабр қилувчилардандир!” (Анбиё, 85).
   Аллоҳ таоло Қуръони каримда сабрни бир неча ўринларда қийинчилик ва мусибатларга бардош беришга қодир иродали ва азмияти қатъий кишилар билан бирга зикр қилиб, бундай дейди: “Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буришингиз (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар”(Бақара, 177).
     Ҳадиси шарифда ҳам бундай зикр қилинган: “Қийинчиликларга сабр қилишда жуда кўп яхшилик мавжуд”.

    Аллоҳ таоло сабрга ва сабр қилувчиларга бериладиган ажру-мукофотлар ҳам улуғ бўлишини ва собир кишилар жаннат аҳлидан бўлишлари башоратини бериб бундай деган: “(Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!”(Бақара, 155).
    Қуръони карим оятлари сабр қилувчига бериладиган мукофот ниҳоятда улуғ ва кафолатли эканини таъкидлаб, бундай хабар беради: “Сизларнинг ҳузурингиздаги нарсалар тугаб кетур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир. Биз, албатта, сабр этганларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл, 96).
    Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг беқиёс фазлу карами билан сабр қилувчиларга бериладиган ажру-савоблар чегарасиз эканини қуйидаги ояти каримада: “...Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур”(Зумар, 10).
   Барчаларимиз мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифлар маъно ва мазмунига мувофиқ ҳаётда баъзан учрайдиган қийинчиликлар ва дунё мусибатлари олдида сабр-тоқатли, қаноатли ва чидамли бўлишимиз лозимдир.
    Сабр-тоқатли бўлишни тақозо этадиган ишлардан бири – бу фарзанд тарбиясига доир саналадиган таълим масаласидир. Фарзандларни ёшлик даврларида илмли-билимли бўлиб етишишлари учун фақат ўқитувчиларнинг ўзи кифоя қилмайди. Ота-она мактабга қатнаб таълим олаётган фарзандларини доимий назоратга олишлари лозим. Уларнинг давомати, дарсларини ўзлаштиришлари, ўқув жараёнида учрайдиган барча муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш ҳаракатида бўлишлари – буларнинг ҳаммаси ота-онадан сабр-бардош, меҳнат ва ҳиммат талаб қилади. Ўқиш йилларида фарзанд ва набираларимизнинг чуқур билим ва касб-ҳунарларни эгаллашларига жиддий эътибор бериш ҳар биримизнинг шарафли вазифаларимиздандир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни сабрли бандалардан айлаб, икки дунё саодатига мушарраф қилсин!


Муслим АТАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими  / www.muslim.uz 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218814
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98151
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47173
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45631
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24746