Ғазаб билан боғлиқ ҳукмлар
19.8.2015 4514


عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي بَكْرَةَ قَالَ: كَتَبَ أَبُو بَكْرَةَ إِلَى ابْنِهِ وَكَانَ بِسِجِسْتَانَ بِأَنْ لاَ تَقْضِيَ بَيْنَ اثْنَيْنِ وَأَنْتَ غَضْبَانُ فَإِنِّي سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: لاَ يَقْضِيَنَّ حَكَمٌ بَيْنَ اثْنَيْنِ وَهُوَ غَضْبَانُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَأَحْمَدُ.



     Абдураҳмон ибн Абу Бакрадан ривоят қилинади: “Абу Бакра Сижистондаги ўғлига мактуб ёзиб, “ғазабланган ҳолатингида икки киши ўртасида ҳукм чиқарма. Чунки мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирон киши ғазабланган ҳолида икки киши ўртасида зинҳор ҳукм чиқармасин!” деганларини эшитганман”, деди” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари ва Аҳмад ривояти).
     Ушбу ривоятда ғазабнок ҳолда бирон масала юзасидан ҳукм чиқармаслик, бирон қарорга келмаслик лозимлиги айтилмоқда. Жумҳур уламоларга кўра, банда ғазабланган ҳолатида ҳам мукаллаф саналади. Ундан содир бўлган куфр, одам ўлдириш, ўзгалар молини ноҳақ ўзлаштириб олиш, талоқ, қул озод қилиш ва қасам ичиш каби амаллар эътиборга олинади.
     Ибн Ражаб “Шарҳул-арбаъийн-нававийя”да: “Ғазабланган киши талоғи, қул озод этиши ва ичган қасами учун жавобгардир”, деган.
     Ибн Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Уламолар ғазабланган кишининг ҳукми ўтиши борасида уч хил фикрни айтишган:

1. Бундай ҳолатда қилинган ҳукм ўтмайди.

2. Ғазабланган одамнинг ҳукми ўтади.

3. Ҳукмни тушунганидан кейин ғазаб намоён бўлса, ўтади. Агар бундан олдин ғазабланса, ўтмайди.

 

Ғазабнок ҳолда талоқ қилиш икки турга бўлинади:

 

1. Ақл-ҳушини йўқотган, мажнун бўлиш арафасидаги одамнинг талоғи ўтмайди. Сабаби бунда банданинг ақли завол топган бўлади. Бундай ҳолатда у худди мажнунга ўхшатилади.

 

2. Оддий ғазабланиш ҳолатида банда ўзини тутиб туриш имконига эга бўлса, иродаси ҳам ўз қўлида бўлса, у ҳолда қилинган талоқ эътиборга олинади.

 

Хотинига ғазаб билан “йўқол”, дейиш ҳукми


Савол: ассалому алайкум, қори ака. Талоқ масаласида саволим бор эди. Ўз аёлини тарбиялаш вақтида қаттиқ бақириб юборса, нафрати ошиб кетадиган даражада “йўқол, кўзимга кўринма!” сўзлари билан урушса, талоқ тушиб қолмайдими?

 

Жавоб: ва алайкумус салом. Агар ўша сўзни талоқ ниятида айтса, талоқ тушади. Бошқа ниятда айтса, тушмайди. Бу ҳақида қуйида бироз тўхталиб ўтамиз.
Талоқ очиқ-ойдин ёки кинояли лафзлар билан айтилиши мумкин. Очиқ-ойдин талоқда эр хотинига “сен талоқсан”, “сен талоқ бўлгувчисан”, “сени талоқ қилдим” ёки “сен талоқ қилингансан”, дейди ва бу билан бир ражъий талоқ тушади.
Кинояли талоқда эса лафзда талоқ ва ундан бошқа нарсанинг эҳтимоли бўлади. Масалан, эр хотинига ғазаб билан “чиқ”, “кет”, “тур”, “холисан”, “бегонасан”, “ҳаромсан”, “сана”, “сен биттасан”, “сен ҳурсан” каби сўзларни талоқ ниятида айтса, талоқ тушади. Агар талоқ ниятида айтмаса, талоқ тушмайди.

 

Киноя лафзларининг айтиладиган ҳолатлари уч хил бўлади:

 

1. Розилик ҳолати.

 

2. Ғазаб ҳолати.

 

3. Талоқ ҳақида музокара бўлиб турган ҳолат.

 

    Агар киноя лафзлари розилик ҳолатида, ғазабланмаган ёки талоқ ҳақида баҳс бўлмаган ҳолатда айтилса, талоқ тушмайди. Фақат эр: “Мен бу гапни талоқ ниятида айтдим”, деса, талоқ тушади.
    Агар эр ғазабланган, хотини билан урушиб турган бўлса ва хотинига “чиқ”, “йўқол”, “кет”, “холисан”, “бегонасан” каби сўзларни талоқ ниятида айтса, талоқ тушади. Бўлмаса тушмайди.
   Эр-хотин ўртасида талоқ ҳақида баҳс бўлиб турганида эр хотинига “чиқ”, “кет”, “тур”, деса, ниятига боғлиқ бўлади. Талоқни ният қилса, талоқ тушади. Аксинча бўлса, йўқ. Аммо бу ҳолатда “холисан”, “бегонасан”, “ҳаромсан”, “ажрагансан”, “сен биттасан”, “бачадонинг тозалигини бил” каби сўзларни айтса, тўғридан-тўғри талоқ тушади.
    Киноя лафзларини айтаётган киши уч талоқни ният қилса, уч талоқ тушади. Агар ҳеч нарсани ният қилмаса, бир ёки икки талоқни ният қилган бўлса ҳам бир боин талоқ тушади.
    “Идда сана”, “бачадонинг тозалигини бил”, “сен биттасан” каби лафзлар билан талоқ қилинганда бир ражъий талоқ тушади. Ражъий талоқда биринчи ва иккинчи талоқдан кейин ҳам эр хотинига унинг иддаси ичида никоҳсиз қайтиши мумкин. Аммо боин талоқда никоҳ янгиланиши керак. Яна ражъий талоқда эр хотинига қайтгунича унинг иддаси чиқиб қолса ёки ҳомиладор аёл туғса, боин талоққа айланади ва эр-хотин ўртасидаги никоҳ янгиланиши лозим.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли муаллифлигидаги “Ғазабнинг давоси” китобидан тайёрланди

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217538
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24637