Масжидда ўтириш одоблари
15.8.2015 4759

Банда масжид ичига кирганидан кейин қуйидаги одобларга амал қилиши керак:

 

– намоз ўқиётганлар олдидан ўтмаслик (агар йўлда бирон киши намоз ўқиётган бўлиб, бундан бошқа ўтиш жойи бўлмаса, кутиб турилади. Аслида мўмин зийрак ва ҳушёр бўлиши керак. Масжидга кела солиб ҳамма ўтадиган жойда намоз ўқишни бошлаш яхши эмас. Балки намозни ҳеч кимга халақит бермайдиган жойда адо қилиш керак. Нафл намоз ўқийман, деб мўминларга ноқулайлик туғдириш тўғри эмас);

 

– дунё ишлари билан машғул бўлмаслик (бунда масжидга келишдан мақсад нималигини унутмаслик талаб этилади);

 

– дунё сўзларини гапирмаслик, балки Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш (хоҳ биринчи, хоҳ охирги қаторда ўтирган бўлсин, масжидда дунёга тегишли, охиратга тааллуқли бўлмаган сўзлар тилга олинмайди. Сабаби масжид ўз номи билан масжид. Бу ерда намоз ўқилади, Аллоҳга ибодат қилинади, намозхонларга халақит берилмайди. Баъзилар охирги қаторга ўтириб олиб, бўлар-бўлмас гапларни гапириб, ғийбатлашиб ўтиради. Бу ибодат қилувчиларга, айниқса жума куни хутба қилаётган имомга қаттиқ халақит беради);

 

– масжидга киргандан сўнг ўтирмасидан аввал икки ракъат намоз ўқиш (агар нафл намоз ўқиш мумкин бўлган вақтда масжидга кирса, икки ракъат намоз ўқийди. Қайтарилган вақтларда намоз ўқилмайди. Эслатиб ўтамиз, жума куни қуёш тиккага келган вақтда ҳам намоз ўқиса бўлади. Сабаби жума куни жаҳаннам қиздирилмайди);

 

– масжидга кирганидан кейин намоз ўқимай чиқиб кетмаслик (масжидга келгандан кейин икки ракъат бўлса ҳам намоз ўқиш керак. Масжидга кириб намоз ўқимаган банда сув ҳавзасига чанқоқ ҳолда келиб, ундан бир томчи ҳам татимай ортига қайтиб кетган кимсага ўхшайди);

 

– таҳоратсиз масжидга кирмаслик (масжидга таҳорат билан кириш керак. Сабаби намозга иқомат айтилганида намоз ўқиш учун тайёр ҳолда бўлади. Зарурат юзасидан масжидга бетаҳорат ҳолда кириш мумкин);

 

– масжидда оёғини қиблага қаратиб ўтирмаслик (узрлилар бундан мустасно);

 

– масжидни пок ва озода сақлаш (масжидларни обод қилиш, у ерни супуриб, покиза сақлаш жуда фазилатли амаллардандир. Агар масжидни тозалашга имкон “тополмасак”, жуда бўлмаса у ерни ифлос қилишдан сақланиш керак);

 

– баланд овоз билан гапирмаслик (масжидда ҳожат юзасидан гаплашиш мумкин. Шунда ҳам паст овозда, одоб билан гапирилади. Овозини борича, бақириб гапириш номаъқул ишлардандир. Айниқса жума кунлари);

 

– масжидда ҳажв, кулгу ва беъмани шеър ўқимаслик (бу ишларнинг ўрни бошқа ердир. Масжид бундай бемаъни ишларни қилиш учун қурилмаган);

 

– масжидда олди-сотди қилмаслик (охират эсланадиган пок маконда ҳам яна дунё ишларига шўнғиш мантиққа тўғри келмайди);

 

– масжидга кираётганда қўл телефонини ўчириб қўйиш (масжид ҳовлисига киришда телефон ўчириб қўйилади ёки овози ўчирилади. Сабаби кутилмаганда жиринглаб қолса, намозхонларга халақит беради. Агар банда унутиб телефонини ўчирмаса ва намоздалигида жиринглаб қолса, ўша заҳоти телефонини ўчириши керак. Акс ҳолда имом ва намозхонлар намоздан чалғийдилар);

 

– аввалги қаторларга бўш жой бўла туриб, ўтиш жойларига ўтириб олмаслик;

 

– имом хутба ўқиётганида, маъруза қилаётганида нафл намоз ўқимаслик, гаплашмаслик;

 

– жамоат кўп бўлган жума кунларида намозхонлар орасини кесиб ўтмаслик;

 

– қироат ва дуо қилинаётганда шошиб масжиддан чиқиб кетмаслик;

 

– жума куни жума намозидан олдин масжидда ҳалқа қилиб ўтирмаслик;

 

– масжид ҳовлисига тупурмаслик (тупук нажас нарса эмас. Аммо одоб юзасидан масжид ҳовлиси ва биноси ичида тупурмаслик лозим. Бу ерда оддий тупук ҳақида гап кетмоқда. Афсусуски, баъзи кимсалар масжид ичига, айниқса гилам остига нос тупуриб кетадилар. Бу жуда катта одобсизлик ва хунук ҳолатдир. Мусулмон банда бундай номақбул ишлардан тийилиши керак. Масжидга намоз ўқиш, Аллоҳни зикр қилиш, руҳий озуқа олиш учун келинади. Нос чекиш, гаплашиб, намозхонларга озор бериш ёки маъруза вақтида оёғини қиблага қаратиб ухлаш учун келинмайди Аллоҳнинг уйига);

 

     Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, масжидда зарурат юзасидан оёқни қиблага қаратмасдан, ҳеч кимга халақит бермаган ҳолда ухлаш, ҳикматли шеър айтиш мумкин.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217284
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24622