Бани Исроилнинг бузоққа сиғиниши
16.9.2015 6453

    Тоҳа сурасида Бани Исроил бузоққа сиғинганлари айтилган. Бу уларнинг басират кўзлари кўр, маънавий сўқир бўлганларидан дарак беради:
    “(Аллоҳ деди:) “Қавмдан мунчалар илгарилаб кетдинг, эй Мусо!” У айтди: “Улар ана – изимдан келурлар. Мен эса Сен рози бўлишинг учун олдингга шошилдим, Парвардигорим! (Аллоҳ) деди: “Ҳақиқатан, Биз Сенинг ортингдан қавмингни имтиҳон қилдик ва Сомирий уларни йўлдан оздирди”. Бас, Мусо қавмига ғазабланган ва ғамга ботган ҳолда қайтиб келиб деди: “Эй қавмим, Парвардигорингиз сизларга чиройли ваъда қилмаганмиди?! Сизларга (ўтган) вақт узун (кўриниб) кетдими ёки устингизга Парвардигорингиз томонидан ғазаб тушишини истаб менга берган ваъдангизни унутдингизми?! Улар айтдилар: “Бизлар сенга берган ваъдани ўз инон-ихтиёримиз билан бузганимиз йўқ. Лекин бизлар қавмнинг зеб-зийнатларидан иборат нарсаларни кўтариб чиққан эдик, уларни оловга ташладик. Сўнг Сомирий ҳам ташлади. Сўнг уларга овози бор ҳайкал-бузоқ чиқариб берди. Сўнг дедилар: “Сизларнинг ҳам, Мусонинг ҳам илоҳи шу эди, (Мусо) унутди”. Ахир улар унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини ва бирон зиён ҳам, фойда ҳам етказишга қодир эмаслигини кўрмайдиларми?!” (Тоҳа сураси, 83-89-оятлар).
    Аллоҳ таоло Фиръавн ва қўшинини ҳалок қилгач, Мусо алайҳиссалом Тур тоғи томон йўл олди. Қолганларга Ҳорун алайҳиссаломни раҳбар қилиб қолдириб, ўзи етмиш нафар киши билан Парвардигори ила муножат қилишга кетди. Мусо алайҳиссалом Аллоҳ билан кўришиш шавқида ўзи билан бирга бўлганлардан анча илгарилаб кетди. Юқоридаги ояти карималарда Мусо алайҳиссалом йўқлигида Бани Исроил қандай ишларни ўйлаб топганлари баён этилмоқда. Келинг, бу воқеаларни батафсилроқ кўриб чиқамиз.

   “Қавмдан мунчалар илгарилаб кетдинг, эй Мусо!” Яъни, эй Мусо, бу ерга келишда қавмингни ортда қолдириб, нима сабабдан улардан илгарилаб кетдинг? Ваҳоланки, қавм бошлиғи сафар чоғида орқада юриши, уларни ҳимоя қилиб, ҳолидан хабардор бўлиши керак эди?
   “У айтди: “Улар ана – изимдан келурлар. Мен эса Сен рози бўлишинг учун олдингга шошилдим, Парвардигорим!”  Яъни, Мусо алайҳиссалом узрини қуйидагича баён қилди:

– Қавмим ортимдан келмоқда, ҳадемай менга етиб олишади. Эй Парвардигорим, Сен билан гаплашиш ва розилингизни олиш мақсадида улардан олдинроқ келгандим!

   “Ҳақиқатан, Биз Сенинг ортингдан қавмингни имтиҳон қилдик ва Сомирий уларни йўлдан оздирди”. Бу ерда Мусо алайҳиссалом кетгач, Бани Исроил қилган ишлар ҳақида хабар берилмоқда. “Сомирий” Бани Исроил залолатига сабаб бўлган одамнинг исми. Айтилишича, у Бани Исроил бошлиқларидан эди. Ўша киши “Сомира” номи билан танилган қабилага мансуб бўлган .
Оятнинг маъноси қуйидагича: Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга:
– Биз сен кетганингдан кейин қавмингни имтиҳон қилдик. Сомирий уларни бузоққа ибодат қилишга чақирди. Улар Сомирийнинг сўзини икки қилмадилар. “Мусо қавмига ғазабланган ва ғамга ботган ҳолда қайтиб келди”. Яъни, Мусо алайҳиссалом Парвардигори билан муножат қилиб, Тавротни қабул қилганидан кейин қаттиқ ғазабланган ва ғам-ғуссага ботган ҳолда ортига қайтиб келди.
    Мусо ғазабнок ҳолда келиб қавмига айтган гаплари қуйидаги оятда келтирилади: “Эй қавмим, Парвардигорингиз сизларга чиройли ваъда қилмаганмиди?!”
Яъни, эй қавмим, Парвардигорингиз сизларга Таврот нозил қилиб, у билан сизларни ҳидоятга бошлаш, душманларингизни кўз олдингизда ҳалок қилишини ваъда бермаганмиди?! Сизлар Унинг неъматларидан фойдалана туриб яна нега Унга итоат этишдан бош тортасизлар?!
    “Сизларга (ўтган) вақт узун (кўриниб) кетдими ёки устингизга Парвардигорингиз томонидан ғазаб тушишини истаб менга берган ваъдангизни унутдингизми?!”  Яъни, мен кетганимдан бери ўтган вақт сизларга узунлик қилдими? Йўқ, аслида бу қисқа вақт эди. Бу муддат ичида сизларга амр қилинган нарсаларни унутиб юборган бўлишингиз мумкинмас. Балки сизлар устингизга Аллоҳнинг ғазаби ёғилишини истайсизлар! Ҳа, сизлар менга берган ваъдангизга, Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилиш ҳақидаги аҳдномага хилоф иш қилдингиз!
    Қисса давомида уларнинг асоссиз баҳоналари келтирилади. Бу Бани Исроил қавмининг ақлдан озгани, табиатлари нопок, шахсиятлари носоғлом эканидан далолат қилади. Улар айтдилар: “Бизлар сенга берган ваъдани ўз инон-ихтиёримиз билан бузганимиз йўқ”.  Яъни, биз сенинг ваъдангга хилоф қилиб, ўз хоҳиш-иродамиз билан бузоққа сиғинганимиз йўқ. Бунда ихтиёримиз ўз қўлимизда эмасди. Бизни Сомирий йўлдан урди.
    “Лекин бизлар қавмнинг зеб-зийнатларидан иборат нарсаларни кўтариб чиққан эдик, уларни оловга ташладик. Сўнг Сомирий ҳам ташлади”.  Яъни, биз аҳдни ўз истагимиз билан бузмадик. Қибтийлардан ноҳақ йўл билан тортиб олинган зийнатларни Сомирийнинг буйруғига биноан оловга ташладик. Сомирий ҳам ўзида бор зеб-зийнатларни оловга ташлади.
    Ибн Касир айтади: “Бу жоҳил қавм қибтийлар зийнатидан “тақво” қилиб, уни оловга ташлади ва бузоққа сиғинди. Ҳа, улар кичик нарсадан четланиш учун катта бир жиноятга қўл уришди ”.  Шундан сўнг Сомирий ўша зийнатларни нима қилгани айтилади: “Сўнг уларга овози бор ҳайкал-бузоқ чиқариб берди. Сўнг дедилар: “Сизларнинг ҳам, Мусонинг ҳам илоҳи шу эди, (Мусо) унутди”.
    Сомирий оловга ташланган зийнатлардан Бани Исроил учун овоз чиқарадиган бир бузоқ ясаб берди. Шунда Бани Исроил: – Мана шу сизларнинг Раббингиз. Мусонинг Раббиси ҳам шу. Унга ибодат қилинглар! Мусо бу ердаги илоҳини унутиб, уни бошқа жойдан қидириб кетди, – дедилар.
    Бани Исроил қавмининг бу гапи уларнинг пайғамбарларига нисбатан нақадар одобсиз бўлганларини кўрсатиб турибди. Улар бузоққа сиғинишга ўтиб, уларни Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирган пайғамбарни адашганга, бузоққа сиғинганга чиқариб қўйишди.
    “Ахир улар унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини ва бирон зиён ҳам, фойда ҳам етказишга қодир эмаслигини кўрмайдиларми?!” Яъни, уларнинг сўқирлиги шу даражага етдики, ўзлари илоҳ қилиб олган бузоқ сўрасалар ёки хитоб қилсалар, уларга ижобат қила олмаслиги, саволга жавоб беролмаслиги, бирон зиён ҳам, фойда ҳам келтира олмаслигини хаёлларига келтирмадилар.
    Қисса давомида Ҳорун алайҳиссалом бузоққа топинган бу саркаш қавмга қандай муносабатда бўлгани баён этилади: “Ҳолбуки, илгари Ҳорун уларга: “Эй қавмим, сизлар бу билан фақат имтиҳон қилингдинглар, холос. Шак-шубҳа йўқки, сизларнинг Парвардигорингиз Ёлғиз Раҳмон – марҳаматли Аллоҳдир. Бас, менга эргашинглар ва амримга итоат этинглар!” деганда, улар: “То бизларга Мусо қайтмагунича, унга ибодат қилиб – сиғинишдан ҳаргиз ажралмаймиз”, деган эдилар” (Тоҳа сураси, 90-91-оятлар). Яъни, Аллоҳга қасамки, Мусо алайҳиссалом қайтиб келишидан олдин Ҳорун алайҳиссалом бузоққа сиғинаётганларга насиҳат қилиб: – Эй қавмим, сизларнинг залолатга кетишингиз, куфрони неъмат қилишингизга мана шу бузоқ сабаб. Ваҳоланки, сизларнинг Парвардигорингиз Аллоҳ ибодат қилишга энг муносиб Зотдир, – деди. Бу ерда “Парвардигор” сўзига “Раҳмон” қўшилишидан мақсад, уларни ҳақ томон буриш, огоҳлантириш ва Аллоҳ меҳрибон Зот экани, бандаси қачон тавба қилса, кечиришини эслатишдир.
     “Бас, менга эргашинглар ва амримга итоат этинглар!” Яъни, шундай экан, ҳақ йўлда мустаҳкам туринг, бузоққа топинишдан воз кечинг ва Мусо алайҳиссалом билан аҳдлашилган нарсани сақлаш ила менга итоат этинглар!
    Ҳорун алайҳиссалом куюнчаклик билан қилган насиҳати бесамар кетди. Бу ҳикматли сўзлар уларнинг қалбига етиб бормади. Пурҳикмат насиҳатларни эшитувчи қулоқ топилмади. Улар бунинг ўрнига қуйидагича жавоб қайтаришди: – То бизларга Мусо қайтмагунича, унга ибодат қилиб – сиғинишдан ҳаргиз ажралмаймиз. Яъни, биз Мусо алайҳиссалом келгунича бузоққа сиғинишдан тўхтамаймиз. Кўрамиз, Мусо келганидан кейин нима бўлар экан!
   Ҳорун алайҳиссалом қилган саъй-ҳаракати бирон натижа бергани йўқ. Бани Исроил уни насиҳатгўй сифатида тан олмадилар: Мусо алайҳиссаломни кутишларини маълум қилишди. Улар ўзларини гўё Мусо алайҳиссалом қайтиб келгач, унинг гапларини ерда қолдирмайдигандек тутаётган эдилар. Шундан кейин қавмининг залолатга ботганини кўрган Мусо алайҳиссалом дарғазаб ҳолда биродари Ҳорунга қандай хитоб қилгани келтирилади: “Эй Ҳорун, уларнинг йўлдан озганларини кўрган пайтингда менинг ортимдан боришингдан сени нима тўсди?! Менинг амримга итоатсизлик қилдингми?!” (Шунда Ҳорун): “Эй онамнинг ўғли, сен менинг соч-соқолимдан тортмагин. Мен: “Менинг сўзимни кутмай, Бани Исроилни бўлиб юборибсан”, дейишингдан қўрқдим”, деди (Тоҳа сураси, 92-94-оятлар).  Яъни, Мусо биродари Ҳорунга маломат оҳангида: – Эй Ҳорун, улар бузоққа сиғинганларини кўрган вақтингда қаршилик қилишингга нима тўсиқ бўлди. Нега бундай ишга рози бўлдинг, Аллоҳ учун ғазабланмадинг. Ёки амримга итоатсизлик қилдингми?! Ваҳоланки мен сенга: “Менинг ўрнимга ўринбосар бўл, уларни ислоҳ қил, лекин бу бузғунчиларнинг йўлига эргашма”, демаганмидим!? Улар Аллоҳдан ўзгага синишса-да бунга индамай қараб турибсан-а! – деди.
     Бу гаплардан, Мусо Ҳорундан жоҳилларга нисбатан қаттиққўллик билан муносабатда бўлишни, бўш келмасликни талаб қилгани маълум бўлади. Ҳорун алайҳиссалом биродари Мусо алайҳиссаломга мулойимлик билан қуйидагича жавоб қайтарди: – Эй онамнинг ўғли, сен менинг соч-соқолимдан тортмагин. Мен: “Менинг сўзимни кутмай, Бани Исроилни бўлиб юборибсан”, дейишингдан қўрқдим. Яъни, Ҳорун Мусонинг ғазабини босиб, қалбида меҳр ҳисини уйғотиш учун: – Эй биродарим, мени қаттиқ маломат қилма! Амрингга осийлик қилганим йўқ. Сенга итоат этишдан бош тортмадим. Улар бузоққа ибодат қилганларини кўрганимда, “менинг буйруғимни кутмай, мен билан бўлган мўминларни талашиб-тортишадиган икки гуруҳга бўлиб юборибсан”, дейишингдан қўрқдим. Сенинг насиҳатингга амал қилдим, уларга қаттиққўллик қилмадим. Уларни огоҳлантириш билан чекландим, – деди.
      Мусо алайҳиссалом биродари Ҳоруннинг узрини эшитгач, фитнанинг сабабчиси бўлган Сомирийга ғазаб билан мурожаат қилди. Аллоҳ таоло буни қуйидагича баён қилган: “(Сўнгра Мусо Сомирийга қараб:) “Бу нима қилганинг, эй Сомирий?” деди. У айтди: “Мен улар кўрмаган нарсани кўрдим. Бас, элчи – Жаброилнинг босган изидан бир сиқим олиб, уни сочдим. Менга нафсим ана шундай қилишни чиройли кўрсатди”. (Мусо) деди: “Бас, йўқол! Энди сен учун ҳаётда “Тегингманглар” дейишгина бордир. Сен учун ҳаргиз хилоф қилинмайдиган бир ваъда – азоб бордир. Сен устидан жилмай ибодат қилган “илоҳинг”ни кўриб қўй! Биз, албатта, уни ёндириб, сўнгра денгизга сочиб юборамиз”. (Эй инсонлар,) илоҳингиз ёлғиз Аллоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У барча нарсани ўз илми билан қамраб олган” (Тоҳа сураси, 95-98-оятлар).
     Ҳаммасига Сомирий айбдор эканини билган Мусо дарғазаб ҳолда: – Буни нима қилганинг, эй Сомирий?! – деди. Яъни, сени бундай қилишга нима ундади? Шунда Сомирий қуйидагича жавоб қилди: – Мен улар кўрмаган нарсани кўрдим. Бас, элчи – Жаброилнинг босган изидан бир сиқим олиб, уни сочдим.  Яъни, мен Бани Исроил билмаган нарсани билдим, улар илғамаган нарсани кўрдим.
     Кўпчилик муфассирлар иттифоқига кўра, бу ердаги “расул”дан мурод Жаброил алайҳиссалом, “изидан” мурод эса, Жаброил минган отнинг қадами теккан жойдир. Ривоят қилинишича, Жаброил Мусо алайҳиссалом олдига келган. Шунда Мусо унинг ҳамроҳлигида Аллоҳдан Тавротни қабул қилиш учун кетган. Буни Мусо алайҳиссалом қавмидан ёлғиз Сомирий кўриб қолган. Сомирий қараса, Жаброил минган отнинг туёғи теккан ер яшил тусга кирар, бундаги тупроқ ўзгача кўриниш оларди. Шунда Сомирий Жаброил алайҳиссалом отининг туёғи теккан тупроқдан бир сиқим олиб, эриб турган зеб-зийнатлар устига ташлади ва худди тирик бузоқ каби овоз чиқарадиган ҳайкал пайдо бўлди.
      “Менга нафсим ана шундай қилишни чиройли кўрсатди”.  Яъни, Сомирий қилмишига сабаб ахтарар экан, сўзида давом этди: – Нафсим менга Бани Исроил Аллоҳни қўйиб, қўлларим билан ясаб берганим мана шу бузоққа сиғинишларини чиройли қилиб кўрсатди.  Бунга жавобан Мусо алайҳиссалом шундай деди: – Бас, йўқол! Энди сен учун ҳаётда “Тегингманглар” дейишгина бордир.  Яъни, эй Сомирий, шундай қилган экансан, энди кет, қорангни кўрсатма! То тирик экансан, одамлар томонидан сенга маломат тошлари отилади. Бу иш шу даражага етадики, агар бирон киши сенга яқинлашса, “Менга тегингманглар, тинч қўйинглар!” деб ялинасан. Айтилишича, бу оятда аҳли бидъат ва маъсият эгалари танқид остига олиниб, улардан узоқ юришга, уларни одамлардан айро қилишга далолат қилинмоқда.
     Сомирий қилмишига яраша дунёда қандай жазога лойиқ кўрилгани айтилгач, энди охиратда қандай азобга гирифтор бўлиши ҳам баён этилади: “Сен учун ҳаргиз хилоф қилинмайдиган бир ваъда – азоб бордир”.  Яъни, эй Сомирий, сенга охиратда Аллоҳнинг шундай ваъдаси борки, Аллоҳ унга зинҳор хилоф қилмайди, уни албатта амалга оширади. Сен ўзинг нотўғри йўлга юрганинг етмаганидай ўзгаларни ҳам залолатга бошлаганинг учун энг муносиб ва адолатга жазони оласан. Дунёда одамларнинг маломати ва нафратига йўлиқсанг, охиратда аламли азоб-уқубатларга дучор бўласан.
   Сомирий устидан ҳукм чиқарилгач, энди одамларни адаштириш мақсадида ясалган сохта илоҳ – бузоқ Мусо алайҳиссалом томонидан қай кўйга солингани баён қилинади: “Сен устидан жилмай ибодат қилган “илоҳинг”ни кўриб қўй! Биз, албатта, уни ёндириб, сўнгра денгизга сочиб юборамиз”.  Яъни, эй Сомирий, йўғимда сен ясаб олган, ўзинг ва манави жоҳиллар топинган бутнинг ҳолини кўриб қўй. Сизларнинг кўз олдингизда уни ўтда ёқиб, денгизга сочиб юборамиз. Ундан бирон зарра ҳам қолмайди.
    Маънан сўқир жоҳиллардан устун келиш учун сохта илоҳ ёндирилиб, унинг кули денгизга сочиб юборилди. Сабаби бу бузоқ ҳайкали илоҳликка муносиб эмасди. Балки ёндириб, сочиб юборилса, бирон бўлаги ҳам қолмайдиган бир модда эди холос. Мана шундай сифатга эга, нуқсонга тўлиб-тошган нарсага топинган қавм ўта кетган жоҳил, маънавий олами тубан ҳолатда эканига шубҳа йўқ.
     “(Эй инсонлар,) илоҳингиз ёлғиз Аллоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У барча нарсани ўз илми билан қамраб олгандир”.  Ибодат қилишга муносиб зот Улуғ Аллоҳдир. У ҳамма нарсани Ўз илми билан қамраб олган. Ерда ҳам, кўкда ҳам бирон нарса Унга махфий эмас, У Зот барча нарсани билади.

 

Муҳаммад Саййид Тантовийнинг “Пайғамбарлар тарихи” китобидан

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217028
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24596