Чиройли тинглай билиш
4.10.2015 4032

   Қуръони каримда “эшитмоқ, тингламоқ, қулоқ солмоқ” маъносидаги “самъ” ўзагидан ясалган сўзларнинг сони икки юздан ошади. Улуғ Китобда бу сўзга, бу маънога шунчалик катта эътибор берилишининг сири нимада?
   “Қачон Қуръон тиловат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз. Шояд (Аллоҳ тарафдан) раҳматга сазовор бўлсангиз” дейилади Аъроф сурасининг 204-оятида. Қуръони карим биз бандаларга тинглаш одобидан таълим беряпти: қулоқ тутинг ва жим туринг.
   Ҳақиқатан, сўзловчи сизга хитоб қилаётган экан, унинг сўзини тингланг. Тинглаш учун эса, жим бўлишингиз керак. Бунда иккита яхшилик бор. Сўзловчига енгиллик туғдирасиз: у ўзининг амри маъруф ва наҳий мункардан иборат мақсадини сизнинг диққат-эътиборингизга жавобан эркин ва осон баён қилади. Сизда эса, суҳбатдошингизнинг муддаосини барча нозикликлари билан тез илғаб олиш имкони туғилади. Сўзловчининг сўзларига тингловчининг диққат-эътибори қанчалик кучли бўлса, суҳбат шунчалик самимий кечади, жавоблар шунчалик муносиб бўлади. Акс ҳолда бундай суҳбатлар бир-бирини тушунмаслик, ўзаро ҳурматсизлик, ҳатто адоват билан тугаши мумкин.
    Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул вадоъда менга: “Одамларга айт, жим бўлишсин”, дедилар. Кейин айтдилар: “Мендан сўнг бир-бирингизни ўлдирадиган кофирларга айланиб қолманг”.
    Ҳижратнинг ўнинчи йили, умрларининг сўнггида, охирги ҳажлари давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига видолашув хутбасини ўқир эканлар, аввало, уларни жим бўлишга чақирдилар. Зеро, хутбада баён қилинган васият, умматни огоҳ этиш шу қадар жиддий эдики, уларни тўла англаш учун ва хотирада сақлаш учун жимлик, диққат ва бутун аъзо қулоққа айланиб эшитиш талаб қилинарди. Салафларимиз бу талабни англадилар. Чунки улар доимо тинглашга ҳозир эдилар. Улардан сўнг тинглаш камайиб, сўзамоллик кучайди. Оқибатда ҳақиқатни ҳар ким нафс майлига мувофиқ идрок қила бошлади, ҳар ким ўз “ҳақиқати”ни ҳимоя қилиб, бир-бирига қурол ўқталишлари авж олди. Узоқ ва яқин тарихимиздаги воқеалар бунга жонли мисолдир.
    Суҳбатдошнинг сўзларига қулоқ тутиб, уни тинглай билиш уламолар наздида ниҳоятда муҳим масаладир. Муҳаммад ибн Али Боқир: “Тинглаш тириклар учун, ўликлар учун эмас”, деб ушбу оятни келтиради: “Аниқки, сиз (ўз даъватингизни) “ўликлар”га эшиттира олмайсиз” (Намл сураси, 80-оят).
    Чиройли тинглай билиш – сўзловчига то сўзини тугатгунича фурсат бериш, атрофга чалғимасдан унга юзланиш ва унинг фикрларини англашдир. Бу ҳақида Қуръони каримда нималар дейилган: “(Эй Муҳаммад,) сизга (Қуръон) ваҳийи битишидан илгари қироат қилишга шошилманг” (Тоҳа сураси, 114-оят). “(Эй Муҳаммад, Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатиб пичирламанг” (Қиёмат сураси, 16-оят). Булар Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга билдираётган чиройли тинглаш таълими эди.
    Ваҳий нозил бўлаётган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни унутиб қўйиш ва ундан ажралиб қолишдан хавфсираб, тиловатдан тўхтамасдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни бундай қилишдан қайтарди. Яъни, Жаброил алайҳиссалом Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларига жойлашдан фориғ бўлмагунича қироатга шошилмаслик, балки жим туриб тинглаш буюрилди.
     Илм ҳосил қилиш эшитишдан бошланади. Илмларни, хабарларни, аҳли солиҳларнинг сийратларини, уларнинг ҳикояларини, охират азобидан огоҳ этувчи турли ҳикмат ва масалаларни мутолаа қилувчи киши чиройли эшитиш билан, зуҳд ва тақво билан хулқланишга эҳтиёж сезади. Шунда у эшитган нарсаларининг энг яхшисини дилига муҳрлайди.
     “Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга (ҳақ даъватни) эшиттиради” (Фотир сураси, 22-оят). Демак, эшиттирувчи Аллоҳ таоло. У Зот гоҳ тил воситасида, гоҳ изоҳ ва шарҳлардан иборат китоблар мутолааси воситасида эшиттиради. Аллоҳ таоло китоблар мутолаасини мўмин қалбининг очилишига сабаб қилар экан, бунда файз чиройли эшитиш баракоти билан ҳосил бўлади. Мана шунда банда ўз ҳолини кузатади, ўзини билиш томон қадам ташлайди, бир сўз билан айтганда, одобни ўрганади.
      Мана бу икки оятга чиройли тинглаш қанчалик муҳим экани таъкидланган: “Менинг бандаларимга – сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига эргашадиган зотларга хушхабар беринг. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир” (Зумар сураси, 18-19-оятлар). “Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир” (Қоф сураси, 37-оят).

 

Абдурашид Зоҳид тайёрлади

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218815
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98151
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47174
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45631
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24746