Фитнадан узоқ бўлинг!
16.7.2015 4750

 

      Бугунги кунга келиб ислом дини номидан гапирадиган, барча қилаётган ишларини исломга нисбат бериб, бутун дунёга жар солаётган кўплаб жамоалар, қуролланган гуруҳ ва ташкилотлар кўпайгандан кўпайди. "ИШИД", "Жабҳат ан - нусра", "Боко Ҳарам", "Толибон", "Ўзбекистон исломий ҳаракати", "Исломий жиҳод иттиҳоди", "Ал - Қоида", "Шабоб"... афсуски бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Бу жиноятчи тоифаларнинг ҳар бири ўзини ҳақ йўлда деб ҳисоблаб, ўзларига ўхшаган бошқа тўдаларни қанчалик танқид қилмасин, уларни бирлаштириб турадиган умумий жиҳат бор. У ҳам бўлса, ваҳшийлик ва ҳақиқий ислом таълимотларидан четланганликдир. Улар ўзларини ислом динининг "ҳақиқий жонкуярлари" қилиб кўрсатишга қанчалик уринмасинлар, муқаддас динимиз улар "ҳижрат" деб атаётган ватанфурушликдан, "жиҳод" деб даъво қилаётган қонхўрликдан ва "шаҳидлик" деб иддао этаётган худкушликдан мутлақо покдир.

Улар инсонларни ҳаққа чақираётган уламоларни "кофир" деб эълон қиладилар, уларни омма олдида қатл қиладилар ёки масжидда ибодат қилиб турган пайтида портлатиб юборадилар. Бу қонхўрлар Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам "Дўзах итлари" деб таърифлаган аждодлари – хорижийларнинг изидан бормоқдалар. Улар ҳам нафслари ўзларига чиройли қилиб кўрсатган ботилга қарши чиққан, ҳақни айтган инсонлар, уламолар, ҳатто саҳобаю тобеъинларни ҳам тап тортмай қатл этгандилар.

Бу бузғунчилар ўзлари фитнанинг қоқ ўртасидаги ботқоққа ботиб туриб, исломобод юртларда тинч - хотиржам яшаётган мусулмонларни "ҳижрат"га чорламоқдалар, тинчликда яшашни афзал билишни, ота - онасини қон йиғлатиб юртини ташлаб кетиб, ёшу қари, аёллару болаларни ўлдиришдан ҳазар қилишни "фитна" деб атамоқдалар. Уларнинг бу аҳволи худди ҳадис китобларида келтирилган Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳума билан бир фитначининг орасида бўлиб ўтган суҳбатда зикр этилган ҳолатга ўхшайди. Ҳазрати Али даврларида юз берган фитна пайтида бир киши келиб, Ибн Умар разияллоҳу анҳумадан: "Нега жангга чиқмаяпсиз?" деб сўради. Ибн Умар разияллоҳу анҳума: "Аллоҳ ва Расули қайтаргани учун" деб жавоб бердилар. Ҳалиги одам: "Ахир Аллоҳ Қуръонда "Ерда фитна тугагунга қадар ва дин тўлиқлигича Аллоҳники бўлгунгача жанг қилинглар" деб айтганку" деган эди, Ибн Умар разияллоҳу анҳума унга: "Биз Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида у зот билан бирга жанг қилдик, у пайтда мусулмонга омонлик йўқ эди, у дини учун азобланар ва қатл этиларди.Ўша фитна эди. Энди эса дин мустаҳкамланди, фитна йўқолиб, дин Аллоҳники бўлди. Сизлар эса ерда яна фитна урчиб, дин Аллоҳдан ўзганики бўлиши учун жанг қиляпсизлар" деб жавоб қайтардилар.

Дарҳақиқат, бугунги кунда исломни даъво қилаётган, бироқ қилаётган ишлари исломга бутунлай бегона бўлган террорчилар ер юзида фитна қилмоқдалар. Бундай гумроҳ жамоалар ҳақида гап кетар экан, албатта биринчи бўлиб кўз олдимизда иши одамларни қатли ом қилиш, уларни тириклай ёқиш, ўзгалар мулкини талаш ва биноларни вайрон қилишдан иборат бўлган “Ироқ ва Шом ислом давлати” ташкилоти гавдаланади. Мазкур ташкилот ҳозирги кунда турли номлар билан аталмоқда. Ғарб матбуотида эса бу террорчи ташкилот “Ислом давлати” деб юритилмоқда. Аслида, бу ваҳшийлар тўдасини “Шайтон давлати” деб аташ тўғри бўлар эди. Чунки уларнинг фаолияти бошидан охиригача исломга зид бўлган, шайтонга хуш келадиган ҳаром амаллардир. Улар тинч аҳолини, уламоларни ўлдирадилар, инсонларни ўғирлайдилар, элчиларни қатл этадилар, масжид ва ибодатхоналарни вайрон қиладилар, озод инсонларни қул қилиб сотадилар, ўзлари кофирга чиқариб “асир” олган муслима қиз ва аёлларни зўрлайдилар, уларга “чўрилик” тамғасини босиб, фаҳш ишларга шўнғийдилар. Уларнинг бу қилаётган разолатлари нафақат ислом динига, балки инсонийликка ҳам тўғри келмайди. Барчамиз кўзимизни юмиб бир фараз қилиб кўрайлик, агар Расулуллоҳ (с.а.в) бугун орамизда бўлганларида бўлаётган бу ишларга нима дер эдилар?! Бутун оламларга раҳмат бўлган Расулуллоҳ (с.а.в) ислом номидан қилинаётган шу жиноятларни оқлашлари мумкинми?! Йўқ албатта, у зот алайҳиссалом бу ҳолатга ҳеч қачон рози бўлмасдилар. Балки у зот (с.а.в): "Мен ҳажжатул - вадоъда: "Эй Аллоҳнинг бандалари, эҳтиёт бўлинглар, тағин мендан кейин бир - бирининг бўйнига урадиган кофир бўлиб кетманглар!" деб сизларни огоҳлантирмаганмидим?!" деган бўлармидилар...

Ўзларини “Ислом давлати” деб атаб олган бу шайтон малайлари қилаётган жиноятларини Аллоҳга нисбат беришдек улкан гуноҳга, пасткашликка журъат қилмоқдалар. Улар ўз нафслари ва шайтоннинг кўйига юрган ҳолда қанчадан қанча мусулмонларни, қариялар, аёллар ва норасида гўдакларни ёстиғини қуритиб, азалдан мусулмонлар билан бир ҳудудда тинчлик ва омонликда яшаб келаётган ғайридинларни қатли ом қилиб, фасод ва бузғунчиликнинг ҳар турини амалга оширмоқдалар, сўнгра эса бу ифлосликларини Яратганга нисбат бериб: "Бизларни шу савобли ишга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин" деб бутун дунёга жар солмоқдалар. Албатта, Аллоҳ уларнинг бу туҳматларидан пок ва олийдир! Яратганнинг шаънига бундай туҳмат ва нобакорлик у дунёю бу бунё жазосиз қолмайди.

Бундан ташқари бу фожирлар ўзлари босиб олган ҳудудларда мусулмонларнинг шаръий аҳкомларни бажаришларини назоратга олишга ҳаракат қилмоқдалар. Улар инсонларни дин амрларини бажармасликда айблаб, уларни калтакламоқдалар, уларга азоб бериб, ҳатто ўлдириб юборяптилар. Уларга бу ҳуқуқни ким берди? Бандаларга амални қилиш ёки қилмаслик борасида қарор қабул қилиш ихтиёрини Аллоҳ таолонинг Ўзи кафолатлаб берганку! Дунё ҳаётининг синовлиги ҳам шундаку ахир! Уларнинг банда ва Аллоҳ орасидаги хос муомала бўлмиш ибодат масалаларига аралашишлари Аллоҳга нисбатан мислсиз одобсизлик саналади. Зеро бандага қилган ва қилмаган ишлари учун жазо бериш ёки уни мукофотлаш ёлғиз Аллоҳ таолонинг сифатидир.

Ўйлаб кўрайлик, бу нобакорларнинг қай бир иши ислом ва мусулмон умматига фойда келтирди? Йўқ, уларнинг барча иши ислом оламига фақат зарар ва иснод бўлмоқда. Энди “мусулмон” дейилса, кўпчилик одамларнинг кўз олдига қўлида қурол кўтарган, кўриниши ваҳший ҳайвонни эслатадиган қотил, “ислом” дейилса ана ўша қотилларнинг ўзбошимчалик билан аёлларни тошбўрон қилишлари, очдан ўлмаслик учун мева ўғирлаган болаларнинг қўлларини чопиб ташлашлари ҳамда инсонларни қўйдай бўғизлашлари ҳолати келадиган бўлди.

Яна бир ҳолат. ИШИД томонидан тайёрланаётган ҳужжатли фильмларнинг сифати, ташкилот ғояларининг тарғиботи билан шуғулланувчи студиялар фаолиятига теранроқ назар ташласак, бу ишларнинг бошида ўта мукаммал тайёргарликдан ўтган, ўз ишининг устаси бўлган мутахассислар, таъбир жоиз бўлса, дунёдаги кучли махсус хизматларнинг инсон онгига таъсир ўтказиш соҳаси бўйича вакиллари турганини англаб етишимиз мумкин бўлади. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ИШИД жангарилари сафида “исломга хизмат қиляпман” деган хомхаёлда юрган жоҳиллар аслида ислом дини ёки ўзлари “халифа” сифатида эълон қилган нусхага эмас, балки олдиндан тузилган геоиқтисодий режа асосида ўз кўрсатмалари билан ўша “халифа”ни бошқараётган кучларга хизмат қилмоқдалар. Шу ўринда, мазкур террорчилар томонидан масжидда амалга оширилган қўпорувчилик амалиёти оқибатида ҳалок бўлган буюк олим, мутафаккир Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутийнинг Суриядаги тартибсизликлар ҳақидаги маърузасида айтиб ўтган қуйидаги фикрларини келтириб ўтсак:

"Эй инсонлар, эй ёшлар! Ҳозир Сурияда бўлаётган ҳодисалар ташқарида тузилган режа асосида амалга оширилмоқда. Биз бу режа тузаётганларнинг кимлигини ҳам, улар бу режалари билан қандай мақсадларни кўзлаганликларини ҳам билмаймиз. Пайғамбаримиз (с.а.в): "Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса бас у жоҳилият ўлимини топибди" деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканлигини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.

Шундай экан, бугунги кундаги четдан келаётган буйруқларга бўйсуниш ҳолати бизни ҳалокатга олиб боради. Агар қавмнинг йўлбошчиси қарға бўлса, уларнинг борар манзили ахлатхона бўлади. Бу жуда хатарли масала. Мен одамларга доим айтаман, эй инсонлар, агар бошқараётган номаълум бўлса унга эргашиш жоиз эмас. Аҳвол қанчалик оғир бўлмасин, номаълумга бўйсунилмайди. Бу Китоб ва Суннат билан собитдир. Авваламбор, ўзимизнинг муаммони ҳал этишимиз учун ўзимиз режа тузишимиз, юрадиган йўлимизни билиб олишимиз лозим бўлади. Биз ўзимиздан бўлганларга эргашишимиз керак. Бугунги ҳолатга бир назар ташланг ахир. Мўмин мўминни қонини тўкмоқда, ғайридинлар ноҳақ ўлдирилмоқда... Пайғамбаримиз (с.а.в): "Ким умматимдан чиқиб умматимга қарши турса, умматимининг яхшисию ёмонини урса (ўлдирса), улардан ўзини тиймаса, умматим билан аҳдда бўлганларнинг (ғайридинларнинг) аҳдига вафо қилмаса у мендан эмас" деганлар...".

Минг таассуфки, бизнинг юртимиздан ҳам айрим ёшлар ота - онасини қон йиғлатиб Сурия, Ироқ каби фитна ўчоқларига кетиб қолмоқдалар. У ерларда дийдаси қотиб жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота - онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар. Мазкур жоҳиллар ўзларининг бу нонкўрликлари қиёмат кунида ўзлари учун ҳасрат ва надомат бўлишини қайдан билсинлар?! Ўз Ватанига хиёнат қилиш, ота - онага оқ бўлиш, фитналарга учиб, ҳақ йўлдан тойилишдан ҳам оғирроқ гумроҳлик борми?! Энг ачинарли жиҳати шундаки, улар ўзларини тўғри йўлда ҳисоблаб, қилаётган ишларини савоб деб билмоқдалар. Аслида эса уларнинг бу қилмишлари оғир гуноҳ ва нотавонликдан ўзга нарса эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Сизларга қилмишларидан энг кўп зиён кўрувчиларнинг хабарини берайликми?! Улар қилган саъй (ҳаракат)лари дунё ҳаётидаёқ йўқ бўлиб кетган - у, аммо ўзларини гўзал амаллар қилаётган ҳисоблайдиганлардир” деб марҳамат қилади (Каҳф сураси 103-104 оятлар).

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки юртимизда тинчлик, фаровонлик ва миллатлараро ўзаро тотувлик ҳукм сурмоқда. Бу бебаҳо неъматларнинг қадрига етиш барчамизнинг бурчимиздир. Бу тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик ўз - ўзидан бўлаётгани йўқ албатта.

Бу авваламбор Аллоҳ таолонинг бизга раво кўрган чексиз инояти бўлса, иккинчидан, Юртбошимиз бошчиликларида узоқни кўзлаб олиб борилаётган оқилона сиёсат, она юрти ҳимоясида эртаю кеч хизматга шай ҳарбийларимиз, ёшлармизни ватанга садоқатли, инсонпарвар ва билимли этиб тарбиялаш йўлида хормай меҳнат қилаётган устоз ва мураббийларимиз ҳамда халқимизнинг диний маърифатини ошириш, уларни соф исломий қадриятлар асосида имон-эътиқодли комил инсонлар бўлиб етишишларида улкан хизмат қилаётган имом - домлаларимизнинг саъй - ҳаракатлари натижасидир. Шундай экан, бу олий неъматларнинг қадрига етишимиз, уларнинг шукрини гўзал тарзда адо қилишимиз бизлар учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Зеро шоир айтганидек:

Неъмат шукри билан бўлурсан хушҳол
Шукрсиз барча неъмат топгайдир завол! 

 

Ж.Жўраев

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217302
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24623