ИНСОН ҲАЁТИ
13.10.2015 4857

    Инсон ниманидир кутиб яшайди. Рост гап. Хўш, нимани кутади? Тақдир қийинчиликлардан иборат. Масалан, қандай қийинчилик? Кимдир яқин инсондан айрилади. Кимдир қашшоқликда яшайди. Кимдир қарздан қутула олмайди. Кимдир фарзандсизликдан ғам чекади. Кимдир Ватандан олисда. Кимдир ноҳақликдан озорда. Кимдир очликдан, кимдир ташналикдан азобда. Кимдир ёлғизликдан изтиробда. Кимдир орзулари ушалмаганидан, яна кимдир ҳурмат кўрмаётганидан, кимдир ойлиги камлигидан нолийди.
     Ҳар биримиз бир муддат ўтгач, ҳаммаси яхши бўлади деймиз. Ҳатто шундай ҳам бўлади. Дейлик, ўзингизга ғамхўр топдингиз, Аллоҳ катта бойлик берди, кўзни қувнатадиган фарзанд кўрдингиз, Ватан бағрига қайтдингиз, туҳмат булутлари ариди, ҳақ қарор топди, очлик ва ташналик босилди, орзулар ушалди, ҳурматингиз ошди, илмингиз кўпайди, ойликка барака кирди. Кейин нима бўлади? Кейин... синовларнинг каттаси бошланади. Аввал пул кам эди – нафсимизга эътибор бермасдик. Пул кўпайди – гуноҳларга эшиклар очилди. Аввал ерда ухлар эдик, кам ухлардик, энди юмшоқ ўриндамиз – ғафлатда қоляпмиз. Аввал биров назарга илмас эди, мунғайибгина юрар эдик, энди ҳамма эгилиб турибди – кибрга енгилдик. Бефарзандликда Аллоҳга кўпроқ ёлворар эдик, ҳар куни, ҳар лаҳза Аллоҳнинг ёди билан эдик, энди боламизни эркалаб, тарбиялаш машаққатига дучормиз.
     Илм кам эди – шайтон ҳам Сиз билан қизиқмас эди. Олим бўлдингиз – шайтон билан катта жанг бошланди. Демак, синов ортида синов. Имтиҳон тугаб, янги имтиҳон. Ҳаёт имтиҳонлардан иборат экан. Ҳикмати шуки, имтиҳонлар алмашиб туради. Унисидан бунисига ўтиб юраверамиз. Бир имтиҳонда узоқ қолсак, зерикиб қоламиз. Аммо, хайриятки, янгиси тайёр турган бўлади. Олган баҳоларингизни ҳали билолмайсиз. Ҳеч ким билмайди. Кундаликлар тўляпти, аммо баҳоларни кўрмасдан, уни тасдиқлаб кетмоқдамиз. Шундай ҳаёт ҳаракатдан, фақатгина олға интилишдан иборат. Умидсизликка чўккан кунимиз ҳаёт тўхтайди. Умид ва ишонч билан илгари юришимиз керак. Яратган Зотга илтижоларимиз тўхтамасин. Шунчалик шовқинлар ичида Унга ёлвориб турганимиз, Ундан умид узмаганимиз эртага муҳаббатимиз учун далил бўлади. Имтиҳонлардан “аъло” баҳолар билан ўтишни, Аллоҳим, Сенга таслим бандаларингга насиб этгин!


Қай томонга боқсанг девор кўринар,

Девор ортида не асрор кўринар?

Минг девордан ош, барибир,

Деворга дуч келгайсан яна девор кўринар.


     Бирор нарса ҳақида: “Мен, албатта, эртага шуни қилувчиман”, дея кўрманг! Илло, “Иншоаллоҳ, (Аллоҳ хоҳласа)” (денг. Бу сўзни) унутган вақтингизда (ёдингизга келиши билан) Раббингизни зикр қилинг (яъни “иншоаллоҳ”, денг) ва: “Шояд, Раббим мени бундан ҳам яқинроқ Тўғри йўлга ҳидоят этса”, денг! (Каҳф сураси, 23–24 оятлар).
     Инсоннинг ҳар бир ҳаракати, иши, ҳатто нафас олиб-чиқариши ҳам буткул Аллоҳнинг иродасига боғлиқдир. Аллоҳ таоло хоҳласа бўлади, ҳоҳламаса бўлмайди. Шунинг учун келажакда бирон иш қилмоқчи бўлсангиз, доимо “иншоаллоҳ, қиламан”, деб айтинг. Чунки келажак сизга нисбатан ғайбдир. Сал ўтиб нима бўлишини ўзингиз билмайсиз. Шунинг учун келажакдаги ҳар бир ишни “Аллоҳ хоҳласа, қиламан”, деб зикр этинг.



Акбаршоҳ Расулов тайёрлади. / www.muslim.uz  /    

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218869
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98161
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47178
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45636
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24746