Исломда динлараро бағрикенгликка бўлган эътибор ва унинг жамият ҳаётида тутган ўрни
11.7.2015 6505

  «Кўп миллатли Ватанимизда бугунги кунда ислом дини вакиллари билан бир қаторда турли диний конфессия вакиллари ёнма - ён яшаб, ҳамкорлик қилиб келаётгани «барча динларнинг моҳияти эзгулик ва яхшиликка хизмат қилишдан иборатдир», деган кўҳна ҳақиқатнинг яна бир тасдиғидир».

Ислом Каримов


Ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто ғайримуслимларга ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Маълумки, Ислом ўзидан аввалги самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик)ни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин вакиларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ - ҳуқуқларини шариат қонунлари билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир - бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.

Чунки бу Аллоҳ таолонинг амри ҳамда Расулининг умматга берган кўрсатмаси эди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга олиб келмасин!» (Моида, 2), «Ва барчаларингиз Аллоҳнинг арқонини (Қуръонни) маҳкам тутингиз ва (фирқа-фирқаларга) бўлинмангиз!» (Оли - Имрон, 103), «…Ораларингизда аҳду паймон бўлган қавмга келиб қўшилган ёки сизлар билан урушиш ҳам, ўзларининг қавми билан урушиш ҳам жонига тегиб, олдингизга келган кимсаларга (тегмангиз!)»(Нисо, 90).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи Унинг аҳлига (яъни Аллоҳнинг бандаларига) наф берувчироғидир», дейилган (Баззор ривояти). «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради» (Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад»).

Мурувват, диний бағрикенглик Исломнинг тамал тоши бўлиб, у эътиқод ва динлар тарихидаги бир янгилик эди. Ислом илк давриданоқ собиқ динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа хил мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб қилмади. Ислом илк кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага бошлади: «Барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силайи раҳмдан тўсмаслиги лозим» ва ҳоказолар.

Тарихдан шу нарса маълумки, қайси жамият ҳаётида диний бағрикенглик тамойиллари ўз ифодасини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби, диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди. Шунинг учун ҳам инсоният Ер юзида ҳаёт кечиришни бошлагандан буён бағрикенглик тамойилларига амал қилиб яшашга эҳтиёж сезади.

Ислом таълимотида диний бағрикенгликка алоҳида эътибор берилган. Ислом ўзининг илк давридаёқ бағрикенглик дини сифатида намоён бўлди. Нима учун? Чунки Ислом таълимоти мўминга банда сифатида ўз яратувчиси бўлмиш Аллоҳга нисбатан қандай эътиқодда бўлиши кераклигини, шу билан бирга Аллоҳ яратган барча нарсалар, шахснинг ўзи ҳам Яратганнинг мулки эканлигини доимий ҳис қилиб туришини ўргатади. Шу сабабли мусулмон киши атрофдагиларга қандай муносабатда бўлиш кераклигини англайди ва улар билан дин талаби даражасида муомала қилиш учун Қуръони карим ва Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига мурожаат қилади. Мазкур икки дастур орқали мўмин киши Аллоҳ билан банда ўртасидаги, ота - она ва фарзанд, қавму қариндош, қўни - қўшни, ҳамкасблар орасидаги, ўзи яшаётган жамиятдаги турли дин ва миллатга мансуб кишилар билан, ҳатто, атрофидаги табиат, ҳайвонот оламига нисбатан қандай муносабатда бўлиши кераклигини билиб олади.

Бундан ташқари, Ислом тарихидан бағрикенгликнинг юксак кўринишига намуна бўла оладиган мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Жумладан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорлик қилиш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар.

Шунингдек, Хайбар ғазотида мусулмонларга ўлжа тушган нарсалар ичида Тавротдан бир қанча саҳифалар ҳам борди. Яҳудийлар келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўша саҳифаларни қайтариб беришни талаб қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни яҳудийларга қайтариб беришга амр қилдилар. Зеро бошқа дин вакилларининг қадриятларини эъзозлаш ислом динининг гўзал ахлоқларидандир. Шунинг учун яҳудийлар учун муқаддас ҳисобланган саҳифаларга заррача зиён етказилмай ўзларига қайтарилди. Бу воқеалар Исломдаги диний бағрикенгликнинг ёрқин далилидир.

Имом ал - Воқидий ва Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Абу Ҳудрад ал - Асламийдан ривоят қиладилар: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Жобияга келдик. У аҳли зиммадан бир чолнинг таом тиланиб юрганини кўриб қолиб, унинг кимлигини сўради. «У аҳли зиммадан, ёши улғайиб, заифлашиб қолган», дейилди. Умар унинг зиммасидаги жизяни бекор қилди. Кейин: «Ундан жизя олиб, заифлашган чоғида таом тилантириб қўйдингизми?!» деб, Байтул - молдан ўн дирҳам нафақа жорий қилди. Унинг оиласи бор эди».

Абу Убайда ва Ибн Занжавайҳ ривоят қиладилар:«Умар розияллоҳу анҳу бир қари зиммий чолнинг масжид эшиги олдида тиланиб турганини кўриб қолди ва: «Сенга нисбатан инсоф қилмабмиз. Ёшлигингда сендан жизя олибмиз. Катта бўлганингда сени зое қилибмиз», деди. Сўнгра Байтул - молдан унга етарли маош жорий қилди».

Имом Молик Куфа аҳлидан бўлган бир кишидан ривоят қилади:«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзи юборган бир лашкар омилига: «Менга етган хабарга кўра, сизлардан баъзи кишилар ажам кофирни қувар экан. У тоққа чиқиб беркинса, «наметарс» (қўрқма), дер экан. Лекин тутиб олгач, ўлдирар экан. Аллоҳга қасамки, менга ким ўшандоқ қилгани ҳақида хабар этса, албатта, унинг бўйнини чопаман», деб мактуб ёзди».

Мана шундай диний бағрикенглик намуналарини юртимизда яша бўтган буюк аждодларимиз ҳаётида ҳам кўплаб кўришимиз мумкин. Айримларини мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, буюк саркарда Амир Темур бобомизнинг қўшини ичида яҳудий ва яна бошқа динга мансуб аскарларни ҳам хизмат қилиши ёки Соҳибқироннинг ўғилларидан Мироншох ўша пайтдаги Франция, Испания ва Англия каби давлатлар билан дипломатик алоқалар учун масъул этиб тайинлангани фикримизнинг тасдиғидир. Ҳиндистон халқи бугунги кунгача Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларини ҳурмат билан ёдга олади. Сабаби бобурийлар давлатни диний бағрикенглик асосида бошқарган эдилар.

ХIХ асрда Россиянинг марказий минтақаларидан юртимизга мажбурлаб кўчирилган деҳқонлар ночор аҳволга тушиб қолганда халқимиз уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатган. Ўша давр воқеаларини кўрган Леромонах Харитон «маҳаллий аҳоли ночор кўчманчиларга раҳмдиллик билан муносабатда бўлдилар, бусиз уларнинг кўпчилиги очлик ва муҳтожликдан ҳалок бўлиб кетар эди», - деб гувоҳлик берган.

Ёки иккинчи жаҳон уруши йилларида юртимизга кўчирилиб келтирилган турфа хил миллат вакилларидан иборат аҳолига бошпана бериб, уларнинг ичидаги етим болаларни халқимиз ўз фарзандларидек бағрига босиб, тарбиясига олганини ва уларни етук инсонлар қилиб камолотга етказгани, жамиятимизга тақдим этганини яхши эслаймиз. Ваҳоланки, уларнинг аксари бошқа дин вакиллари ҳисобланарди.

Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки, бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан юртимизнинг йирик шаҳарларида масжид, черков ва синагогалар ўз ибодатчиларига эмин-эркин хизмат кўрсатиб келгани, тарихимизнинг оғир синовли дамларида ҳам диний асосда можароларнинг чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканлигидан далолат беради. Шу боисдан ҳам Ўзбекистонда том маънода диний бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Президентимиз таъбири билан айтсак, "Бугун мана шундай хавфли, таҳликали, ўта нотинч бир даврда жаҳон молиявий инқирози ҳали - бери давом этаётган бир пайтда эл - юртимиз нимаики натижаларни қўлга киритган бўлса, буларнинг барчаси юртимизда тобора мустаҳкам бўлиб бораётган тинчлик ва осудалик, миллатлар, динлар ва фуқаролараро тотувлик ва аҳиллик, бир - биримизга ҳурмат ва эҳтиром ҳисобидан десак, ўйлайманки, ҳеч қандай хато бўлмайди".

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли - туман урф - одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч - тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.




                                                                      Мирзаева Зарнигор

                                                                      Хадичаи Кубро аёл - қизлар ўрта махсус ислом билим юрти

                                                                      3 - курс талабаси

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217007
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24595