Истиқлол инъом этган буюк неъмат
21.8.2015 5076

 

Мустақилликнинг 24 йиллигига бағишланади


     Мустақилликдан олдин халқимиз қарийб бир аср мустамлакачилик асоратида, 70 йил давомида эса дахрийлик, динсизлик, худосизлик каби ғоялар тузуми остида яшади. Қадим–қадимлардан ўтроқ яшаган, илм маърифатга интилган, буюк маданиятга эга бўлган, ўз урф – одатларини муқаддас билган халқнинг масжиду мадрасалари собиқ шўролар даврига келиб молхона, омборхоналарга айлантирилган эди. Ўша пайтларда миллий ўзлигимизни англашга бўлган табиий интилишимиз жоҳилона инкор этиларди.
     Наврўз, Рамазон, Қурбон ҳайити каби кўплаб муқаддас байрамларимиз таъқиқланган эди. Амир Темур, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Аҳмад ал-Фаргоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд аз-Замахшарий, Хўжа Аҳрор Валий, Абдухолиқ Ғиждувоний каби буюк аждодларимизни унутиш даражасига етиб қолган эдик. Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмуд хўжа Беҳбудий, Усмон Носир каби миллий озодлик ҳаракати фидоийларини номларини халқимиз хотирасидан ўчириб ташлашга қаракат килинар эди. Яратганга чексиз шукрлар бўлсинки, бизларга ўз мустақиллигимизни кайтарди.
     Ер юзи аҳолиси харитасида энг кенг тарқалган динлардан бири Ислом динидир. Унга эътиқод қилганлар сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Ўрта Осиё халқлари, мана, 14 асрдирки, мазкур таълимотни ўзларининг ҳаётий дастурлари сифатида эъзозлаб келадилар. Халқимиз онги ва вужудига асрлар давомида сингган исломий эътиқод ва қарашлар мустақиллик даврларида ўзининг янгитдан камол топиш бахтига муяссар бўлди. Виждон эркинлиги тўғрисидаги қонуннинг қабул қилингани, миллий маданий меросимиз қайта тиклангани, масжиду-мадрасалар қайта таъмирланиб фаолият кўрсатаётгани ҳамда ўтган буюк алломалар мақбаралари ва қадамжолари обод қилинаётгани бунинг ёрқин далилидир.
     Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Шарҳ” сурасида шундай дейди: “Бас, албатта ҳар бир оғирлик машаққат билан бирга бир енгиллик хам бордир”. Бу ояти каримадан кўриниб турибдики, бизнинг Ватанимиз бошига неча йиллар қийинчиликлар тушганда халқимиз қийинчиликларга сабр, чидам ва матонатлари эвазига, Юртбошимизнинг саъй ҳаракатлари ва ташаббуслари билан 1991 йил 29 август куни мустақиллик декларацяси кабул килинди. Шундан кейин Ватанимизнинг ўз герби, мадҳияси, байроғи, валютаси ва бошқа кўпгина қарорлар ва қонунлар қабул қилинди. Шулар қаторида 1992 йил 7 мартда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Дин ишлари бўйича қўмита ташкил топди. 1998 йил 1 май “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги” қонуннинг янги таҳрири Олий мажлиснинг 11- сессиясида кабул килинди. 1998 йил 23 октябрда Имом Бухорийнинг 1225 йиллиги нишонланди. 1998 йил 24 октябрда Аҳмад Ал-Фарғонийнинг 1200 йиллиги нишонланди. 1999 йил 7 апрелда Тошкент ислом университетини ташкил этиш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди. 2000 йил 16 ноябрда Имом Мотурудийнинг 1030 йиллиги 17 ноябрда эса Бурҳониддин Марғинонийнинг 910 йиллиги кенг нишонланди. 2003 йил 22 август куни Дин соҳасидаги маънавий – маърифий, таълим ишларини ва фаолиятни янада такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёз бериш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори кабул килинди. Ҳозирги кунда Ватанимизда 2000 дан ортиқ масжидлар, Тошкент ислом университети, Тошкент ислом институти, 7 та йигитлар ва 2 та аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият кўрсатмокда.
     Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртларда ўқув ишлари Давлат таълим стандарти талаблари асосида ташкил этилиб, талабаларга диний фанлар: қироат, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, ислом тарихи, сарф (араб тили морфологияси), наҳв (араб тили синтаксиси), хатоба (нутқ санъати) билан бир қаторда, умумтаълим фанлар: она тили, математика, физика, химия, биология, география, информатика, инглиз тили, рус тили ва жисмоний тарбия ҳам ўтилади. Уларга олий маълумотга эга малакали мударрис ва ўқитувчилар таълим беришмоқда. Ҳозирги кунда ўқиётган талабаларга илм олиш ва яшашлари учун барча шарт – шароитлар яратилган.
    Барча билим юртлари бой ахборот ресурс марказларга эга бўлиб, унда турли диний ва дунёвий адабиётлар, нодир асарлар ва бебаҳо қўлёзмалар сақланмоқда. Талабалар компьютер хонаси, фан кабинетлари ва ошхона, нонвойхона ҳамда таҳоратхонадан кечаю кундуз фойдаланиш имкониятига эга. Улар икки маҳал иссиқ овқат билан ҳамда узоқ туман ва бошқа вилоятлардан келганлар бепул ётоқхона билан таъминланган. Талабаларнинг соғлом ва бақувват бўлишлари учун турли спорт турлари воллейбол, футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича тўгараклари йил давомида ишлаб туради.
     Билим юртлари талабалари диний ва дунёвий фанлар билан бир қаторда истиқлол ғояси асосида ташкил этилган маънавият ва маърифат дарсларини ҳам катта қизиқиш билан ўзлаштирмокдалар. Бу истиқлол ютуқларини кўрган диндорлар яратганга чексиз ҳамду санолар айтиб, кўзларидан қувонч ёшларини оқизган ҳолда беадад шукроналар айтишмоқда.
    Маълумки, юқорида зикр килинган ҳар бир мавзу катта- катта китоблар ёзилишига арзийди. Лекин ақл билан фикр қилган кишига шулар ҳам етарлидир. Энди бу фурсатларни ғанимат билган ҳар бир мусулмон кишига ўз динини, мустақиллигини, халқини, тинчлигини бардавом қилишлиги учун ватанимизни ички ва ташқи душманлардан омонда бўлиши учун ҳаракат қилиши олий вазифадир.




М.Хайдаров,
Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими  /  www.religions.uz   

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217506
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24635