Камтарлик белгилари
15.7.2015 4725

 

عَنْ طَلْحَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّ مِنَ التَّوَاضُعِ الرِّضَا بِالدُّونِ مِنْ شَرَفِ الْمَجَالِسِ. رَوَاهُ ضِيَاءُ الْمَقْدِسِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мажлисларда қуйироқда (ўтиришга) рози бўлиш камтарлик (аломатлари)дандир”, деб айтганларини эшитганман” (Зиё Мақдисий ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Обрўъ - эътибори ва илми бўла туриб, мажлисларда қуйироқда ўтиришга рози бўлган, бунинг учун қалбида бирон эътироз пайдо бўлмаган одам ҳақиқий камтардир. Олим одам ўзи шундай бўлади. Илми сабабидан одамлар наздида мартабага эришиш унинг мақсади эмас. Бундай инсоннинг нияти Аллоҳ розилигини топиш. Ҳақиқий олим учун Аллоҳ розилиги олдида одамларнинг эътибори жуда кичик нарса бўлиб қолади.


عَنْ أَبِي رِفَاعَةَ قَالَ: انْتَهَيْتُ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَخْطُبُ قَالَ: فَقُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ رَجُلٌ غَرِيبٌ جَاءَ يَسْأَلُ عَنْ دِينِهِ لاَ يَدْرِي مَا دِينُهُ قَالَ: فَأَقْبَلَ عَلَيَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَتَرَكَ خُطْبَتَهُ حَتَّى انْتَهَى إِلَيَّ فَأُتِيَ بِكُرْسِيٍّ حَسِبْتُ قَوَائِمَهُ حَدِيدًا قَالَ: فَقَعَدَ عَلَيْهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَجَعَلَ يُعَلِّمُنِي مِمَّا عَلَّمَهُ اللهُ ثُمَّ أَتَى خُطْبَتَهُ فَأَتَمَّ آخِرَهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ.

Абу Рифоадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига борсам, хутба қилаётган эканлар. “Эй Расулуллоҳ, бир ғариб одам дини ҳақида сўраб келди. У дини нималигини билмайди”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мен томон юзландилар ва хутбаларини тўхтатдилар. Олдимга келдилар. Шунда бир курси келтирилди. Билишимча, унинг оёқлари темирдан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам курсига ўтириб, Аллоҳ таълим берган нарсалардан менга ўргатдилар. Кейин хутбаларини охирига етказдилар” (Муслим, Насоий, Аҳмад, Ҳоким ва Ибн Хузайма ривояти).

Бу ривоятдан Расулуллоҳ алайҳиссалом мусулмонларга шафқатли эканлари, бир бегона одам шариат ҳақида сўраб келса, унинг ҳар бир саволига жавоб берганлари маълум бўлади.


عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: إِنْ كَانَتْ الأَمَةُ مِنْ إِمَاءِ أَهْلِ الْمَدِينَةِ لَتَأْخُذُ بِيَدِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَتَنْطَلِقُ بِهِ حَيْثُ شَاءَتْ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَحْمَدُ.


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мадина чўриларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларидан ушлаб, (бирон масала юзасидан) у зотни истаган тарафига олиб борарди” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом одам ажратмасдилар, барчага бирдек муомала қилардилар. Ҳатто мадиналик чўрилардан бири у зотга мурожат қилиб, ўзининг муаммосини айтса ҳам, қўлларидан ушлаб, бирон жойга олиб борса ҳам ортидан индамай кетаверардилар. “Сен чўри, менинг вақтимни оляпсан”, демасдилар. Жамиятнинг энг қуйи поғонасидан деб билинган одамларнинг юрак дардини эшитишга - да тайёр эдилар Пайғамбаримиз алаҳиссалом!

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ مَرَّ عَلَى صِبْيَانٍ فَسَلَّمَ عَلَيْهِمْ وَقَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَفْعَلُهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у болалар олдидан ўтаётиб уларга салом берган ва: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар”, деган (Бухорий, Аҳмад ва Табароний ривояти).
Болаларга салом бериш ҳам камтарлик аломатларидан.

عَنْ أَنَسٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا أَكَلَ طَعَامًا لَعِقَ أَصَابِعَهُ الثَّلاَثَ قَالَ وَقَالَ: إِذَا سَقَطَتْ لُقْمَةُ أَحَدِكُمْ فَلْيُمِطْ عَنْهَا الأَذَى وَلْيَأْكُلْهَا وَلاَ يَدَعْهَا لِلشَّيْطَانِ وَأَمَرَنَا أَنْ نَسْلُتَ الْقَصْعَةَ قَالَ: فَإِنَّكُمْ لاَ تَدْرُونَ فِي أَيِّ طَعَامِكُمْ الْبَرَكَةُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.

Анасдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таом есалар, учта бармоқларини ялардилар ва: “Агар биронтангизнинг луқмаси тушиб кетса, ундан азият етказувчи нарсаларни кетказсин ва есин. Зинҳон шайтонга (насиба) қолдирмасин!” деб айтардилар. У зот бизни лаганни ялаб қўйишга буюрар ва: “Сизлар барака таомингизнинг қаеридалигини билмайсизлар”, деб айтардилар (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Таом егандан кейин сочиқ билан артишдан олдин қўлни ялаш, тўкилган нон ушоғи ва таомни териб ейиш, коса ва лаганларни нон билан тозалаш камтарлик аломатларидан саналади. Расули акрам умматларини мана шу ишга тарғиб қилганлар.

عَنْ الأَسْوَدِ قَالَ: سَأَلْتُ عَائِشَةَ: مَا كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَصْنَعُ فِي بَيْتِهِ قَالَتْ: كَانَ يَكُونُ فِي مِهْنَةِ أَهْلِهِ تَعْنِي خِدْمَةَ أَهْلِهِ فَإِذَا حَضَرَتْ الصَّلاَةُ خَرَجَ إِلَى الصَّلاَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

Асваддан ривоят қилинади: “Мен Оишадан: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида қандай юмушларни бажарардилар?” деб сўрадим. Оиша: “У зот оилалари хизматида бўлар, агар намоз вақти бўлса, намозга чиқардилар”, деди” (Бухорий, Термизий ва Аҳмад ривояти).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам башарият саййиди бўлсалар ҳам, уй юмушларида завжаларига ёрдамлашардилар. Қачон намоз вақти кирса, намозга чиқардилар. Бу ҳамамизга ўрнак бўлиши керак. Уй ишларида аёлларга кўмаклашиш Пайғамбаримиз суннатларига мувофиқдир. Намоз вақти бўлса, ибодатни адо этилади. Ҳамма нарса ўз вақтида бўлиши керак.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا اسْتَكْبَرَ مَنْ أَكَلَ مَعَهُ خَادِمهُ وَرَكِبَ الْحِمَارَ بِالأَسْوَاقِ وَاعْتَقَلَ الشَّاةَ فَحَلَبَهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الأَدَبِ الْمُفْرَدِ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Хизматкори билан овқатланган, бозорларда эшак минган, қўйни боғлаб қўйиб соққан одам кибр қилмабди” (Бухорий “Ал - адабул муфрад”да ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан).

Хизматкори билан ўтириб овқатланган, кўча – кўйда эшак миниб юрган, қўй соққан одам қалбида зиғирча кибр бўлмайди. Саналган бу ишларни оғринмай бажариш камтарлик аломатидир. Одамлар назарида кичик кўринган ишларни қилиш, унча - мунчаси ўзига эп кўрмайдиган, аммо шариатда рухсат этилган ишларни бажариш кибрни ўлдиради.

                                                                                                                                     

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217285
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24622