Қуръоннинг таърифи
2.10.2015 4412

عَنْ الْحَارِثِ الأَعْوَرِ قَالَ: مَرَرْتُ فِي الْمَسْجِدِ فَإِذَا النَّاسُ يَخُوضُونَ فِي الأَحَادِيثِ فَدَخَلْتُ عَلَى عَلِيٍّ فَقُلْتُ: يَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ أَلاَ تَرَى أَنَّ النَّاسَ قَدْ خَاضُوا فِي الأَحَادِيثِ قَالَ: وَقَدْ فَعَلُوهَا قُلْتُ: نَعَمْ قَالَ: أَمَا إِنِّي قَدْ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: أَلاَ إِنَّهَا سَتَكُونُ فِتْنَةٌ فَقُلْتُ: مَا الْمَخْرَجُ مِنْهَا يَا رَسُولَ اللهِ قَالَ: كِتَابُ اللهِ فِيهِ نَبَأُ مَا كَانَ قَبْلَكُمْ وَخَبَرُ مَا بَعْدَكُمْ وَحُكْمُ مَا بَيْنَكُمْ وَهُوَ الْفَصْلُ لَيْسَ بِالْهَزْلِ مَنْ تَرَكَهُ مِنْ جَبَّارٍ قَصَمَهُ اللهُ وَمَنْ ابْتَغَى الْهُدَى فِي غَيْرِهِ أَضَلَّهُ اللهُ وَهُوَ حَبْلُ اللهِ الْمَتِينُ وَهُوَ الذِّكْرُ الْحَكِيمُ وَهُوَ الصِّرَاطُ الْمُسْتَقِيمُ هُوَ الَّذِي لاَ تَزِيغُ بِهِ الأَهْوَاءُ وَلاَ تَلْتَبِسُ بِهِ الأَلْسِنَةُ وَلاَ يَشْبَعُ مِنْهُ الْعُلَمَاءُ وَلاَ يَخْلَقُ عَلَى كَثْرَةِ الرَّدِّ وَلاَ تَنْقَضِي عَجَائِبُهُ هُوَ الَّذِي لَمْ تَنْتَهِ الْجِنُّ إِذْ سَمِعَتْهُ حَتَّى قَالُوا: "إِنَّا سَمِعْنَا قُرْآنًا عَجَبًا يَهْدِي إِلَى الرُّشْدِ فَآمَنَّا بِهِ" مَنْ قَالَ بِهِ صَدَقَ وَمَنْ عَمِلَ بِهِ أُجِرَ وَمَنْ حَكَمَ بِهِ عَدَلَ وَمَنْ دَعَا إِلَيْهِ هَدَى إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ خُذْهَا إِلَيْكَ يَا أَعْوَرُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالدَّارِمِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالْبَزَّارُ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ. 

 

    Ҳорис Аъвардан ривоят қилинади: “Мен масжид олдидан ўтдим. Қарасам одамлар (бекорчи) гаплар билан оворалар. Шунда Алининг олдига кирдим ва: “Эй амирул мўминин, қара одамлар турли гаплар билан машғуллар”, дедим. У: “Шундай қилишдими?” деди. Мен: “Ҳа”, дедим. Шунда у: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Огоҳ бўлинглар! Яқин орада фитна бўлади!” деганларини эшитиб, “ундан чиқиш йўли нима, эй Расулуллоҳ?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Аллоҳнинг Китоби. Унда сизлардан олдинги ва кейингиларнинг хабари бор. Унда сизлар ўртангиздаги (масалалар) ҳукми бор. У ажратувчидир, ҳазл эмас. Ким бир золимдан қўрқиб уни тарк этса, Аллоҳ уни ҳалок қилади. Ким ундан бошқа нарсадан ҳидоят қидирса, Аллоҳ уни адаштиради. У Аллоҳнинг мустаҳкам арқони, ҳикматли зикр ва тўғри йўл(га бошловчи)дир. У билан ҳою-ҳаваслар тойилмайди. У билан тиллар тутилмайди. Унга уламолар тўймайди, кўп такрорлаш билан эскирмайди, унинг ажойиботлари тугамайди. Уни жинлар эшитганлари заҳоти: “Албатта биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга бошлайди ва биз унга имон келтирдик”, дедилар. Ким у билан гапирса, рост сўзлайди. Ким унга амал қилса, савобга эришади. Ким у билан ҳукм қилса, адолат қилади. Ким у билан даъват қилса, тўғри йўлга бошлайди”, дедилар. Эй Аъвар, буни ол!” деди” (Термизий, Доримий, Байҳақий, Баззор ва Ибн Абу Шайба ривоят қилган ).

    Бу ривоятда мусулмон уммати Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин турли синовларни бошидан ўтказиши маълум қилинмоқда. Шу билан бирга ўша фитнадан чиқиш йўли Қуръони каримни маҳкам ушлаш, илоҳий кўрсатмаларга оғишмай амал қилиш экани билдирилмоқда. Буни Қуръони каримнинг набавий таърифи десак, хато бўлмайди.

 

1. “Унда сизлардан олдинги ва кейингиларнинг хабари бор”.
Қуръонда мусулмон умматидан олдин яшаб ўтган қавмлар қиссаси, уларнинг ҳаёт тарзи, имондан юз ўгирганлар оқибати, мўмин бўлганларнинг чиройли ҳаёти ҳақида хабарлар бор. Қолаверса, Қуръонда Ер ва осмоннинг яратилиши, Одамнинг халқ қилиниши, фаришта, шайтон ва жинлар билан боғлиқ ўтмиш хабарлари ўрин олган. Шунингдек, Қуръонда уммати муҳаммадиядан кейин содир бўладиган хабарлар, жумладан, қиёмат қоим бўлиши, ўликлар тирилиши баён қилинган.

 

2. “Унда сизлар ўртангиздаги (масалалар) ҳукми бор”.
Қуръонда куфр ва имон, нифоқ ва ихлос, тоат ва исён, ҳалол ва ҳаром, яна шариатнинг бошқа ҳукмлари баён қилинган. Бандалар Қуръонни ўқиб-ўргансалар, оқни қорадан, ҳалолни ҳаромдан ажратадилар, тўғри йўлдан юрадилар.

 

3. “У ажратувчидир, ҳазл эмас”.
Қуръондан ҳамма нарса баён қилинган, ажратиб, алоҳида-алоҳида қилиб тушунтирилган. Бу илоҳий Каломда ҳалол ва ҳаром, яхши ва ёмон, мўмин ва кофир, савоб ва гуноҳ, фойда ва зарар кабилар орасидаги фарқ баён қилинган, уларга хос ноаниқ жиҳатлар қолмаган. Шунингдек, Қуръон ҳазил эмас, у жиддий Китоб. Ундаги ҳар бир сўз чексиз маънога, ҳикмат ва балоғатга эга. Қуръонда кераксиз жумла ёки маъносиз иборанинг ўзи йўқ. Зеро, Қуръон оламлар Парвардигорининг Китобидир.

 

4. “Ким бир золимдан қўрқиб уни тарк этса, Аллоҳ уни ҳалок қилади”.
Уламолар такаббурлик қилиб Қуръон ўқимаслик ёки Қуръонга амал қилмаслик катта гуноҳ эканини айтишган. Шунингдек, улар таъкидлашича, банда ожизлик қилиб ёки бирон жўяли сабаб билан Қуръонни тарк қилса, гуноҳкор бўлмайди.

 

5. “Ким ундан бошқа нарсадан ҳидоят қидирса, Аллоҳ уни адаштиради”.
Ким Қуръондан бошқа китоблардан ҳидоят қидирса, Аллоҳ у бандани тўғри йўлдан, жаннат йўлидан адаштиради.

 

6. “У Аллоҳнинг мустаҳкам арқони, ҳикматли зикр ва тўғри йўл(га бошловчи)дир”.
Қуръон Аллоҳнинг метин арқонидир. Бу арқон илоҳий даргоҳга боғланган. Ким уни ушласа, ҳидоятга эришади, муродига етади.
Қуръонда бандаларга эслатма, унда панд-насиҳатлар ўрин олган. Буларнинг ҳаммаси ҳикматли, маъноли ва чуқур моҳиятга эга. Қуръон бандани фақат тўғри йўлга, тўғри эътиқодга бошлайди, уни нотўғри фикр, эгри қарашлардан сақлайди.

 

7. “У билан ҳою-ҳаваслар тойилмайди”.
Қуръонга амал қилган банданинг ҳавойи нафси ҳақ йўлдан тоймайди, залолатга кетмайди, қинғир йўлларга мойил бўлмайди. Қуръонни ўқиган, уни тушунган кишининг фикри теран, нутқи равон ва таъсирли бўлади.

 

8. “У билан тиллар тутилмайди”. 

Уламолар бу жумлани икки хил таъвил қилишган: 

1. Қуръонга суяниб айтилган сўз иккиланиш ва хатолардан холи бўлади. Қуръон асосида айтилган сўз соҳибининг оғиздан бирон шуҳбасиз чиқади. Бошқа нарсаларда инсон бу тўғрими ёки хатоми, деб ўйлаб қолади.

2. Аллоҳ Қуръон талаффузини тилларга осон қилиб қўйган. Миллати араб бўлмаса-да, мўмин бандалар Қуръонни ҳеч бир қийинчиликсиз ўқишлари мумкин.

 

9. “Унга уламолар тўймайди”.
Қуръон ҳикматлар денгизидир. Унинг туби кўринмайди. Мусҳафи шарифни бир марта иштиёқ билан ўқиган, маъноларига ошно бўлган киши унга қайта-қайта ўқигиси келаверади. Қуръони карим тиловати кишининг зериктирмайди. Бу ҳаммага тегишли. Бироқ уламолар бошқалардан кўра Қуръонга кўпроқ эътибор қаратадилар, Каломуллоҳга бўлган ихлослари бўлакча уларнинг. Хоҳ муфассир, хоҳ фақиҳ, хоҳ тарихчи ёки географ бўлсин, уламолар Қуръондан ўзларига керакли нарсаларни олганлар ва олиб келмоқдалар. Бу Қуръонга уламолар иштиёқининг баландлигидан. Бу уламолар Қуръонга тўймасликларидандир. Бу уламолар Қуръонга ташна эканларидандир.
Кимё соҳасида етук мутахассислардан бири шундай деган экан: “Мен Қуръони каримни кўп марта ўқиб чиққанман. Лекин ҳар гал ўқиганимда янги-янги қирраларини кашф этаман, Қуръоннинг нақадар чуқур мазмунли, кенг қамровли эканига амин бўламан, Аллоҳнинг “оятларимни илмли кишиларгина яхши тушунадилар”, деган ояти ёдимга тушаверади”.

 

10. “Кўп такрорлаш билан эскирмайди”.
Дунёда энг кўп ўқиладиган, энг кўп такрорланадиган китоб Қуръони карим, десак, муболаға бўлмайди. Шундай бўлишига қарамасдан, Қуръонни ўқиш, уни эшитиш одамларга малол келмайди. Қуръон қанча такрорланса ҳам одам ундан зерикмайди. Бу нарса фақат Аллоҳнинг ҳақ Китоби Қуръонга хос. Бошқа сўз ва жумлалар қанча чиройли ва мазмунли бўлмасин, икки-уч бор такрорлаш билан инсон зерикишига сабаб бўлади. Аммо Қуръон бундай эмас. Мисол учун, қорилар Қуръонни ёд олгунларига қадар ўртача юз-икки юз марта такрорлайдилар. Ёдлаб олганларидан кейин ҳам доимий суратда ўқиб юрадилар. Лекин оятлар бандага малол келмайди. Ҳар сафар Қуръон ўқиганда ёки эшитганда, банда оятлар маъносини англаб етади ва ўзгача ҳузур-ҳаловат ва тароватни ҳис қилади.

 

11. “Унинг ажойиботлари тугамайди”.
Қуръон мисоли тубсиз денгиз. Унинг ажойиботлари, ғаройиботлари ва мўъжизалари тугамайди. Банда оятларни ақли етганча фаҳмлайди. Аммо вақт ўтиб, илм-фан ривожланган сари оятларнинг илмий мўъжизаси янада маълум бўлиб бормоқда. Ҳали биз тушунмаган, илм-фан вақти келиб кашф қилиши мумкин бўлган жиҳатлар кўп Қуръонда.

 

12. “Уни жинлар эшитганлари заҳоти: “Албатта биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга бошлайди ва биз унга имон келтирдик”, дедилар”.
Қуръони карим фақат инсонларга эмас, жинларга ҳам нозил қилинган.
Насийбин деган жойда яшовчи жинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон ўқиётганларини эшитиб қолиб, бир-бирларига жим туриб Қуръонга қулоқ тутишни буюрдилар. Тиловатдан сўнг улар, Қуръон ажойиб Китоб экани, у тўғри йўлга бошлашини эътироф этиб, Қуръон Аллоҳ даргоҳидан нозил қилинганига имон келтирганларини маълум қилдилар.

 

13. “Ким у билан гапирса, рост сўзлайди”.
Қуръон Аллоҳнинг Каломи. У тўғри ва рост Калом. Шундай экан ким Қуръонга асосан гапирса, тўғри гапни айтган бўлади. Ким Қуръонга асосан иш тутса, тўғри иш қилган бўлади.

 

14. “Ким унга амал қилса, савобга эришади”.
Ким Қуръонга амал қилса, Қуръон ҳалол деганни ҳалол, ҳаром деганни ҳаром деб эътироф этса ва Қуръон хулқлари билан сифатланса, улуғ савобга эришади.

 

15. “Ким у билан ҳукм қилса, адолат қилади”.
Қайси банда одамлар ўртасида Қуръон билан ҳукм чиқарса, энг адолатли ҳукм қилган бўлади. Зеро Қуръон ҳақ ва у фақат ҳаққа, адолатга тарғиб қилади. Унда адолатли ҳукмлар баён қилинган.

 

16. “Ким у билан даъват қилса, тўғри йўлга бошлайди”.
Уламолар бу жумлани икки хил изоҳлашган:
1. Ким одамларни Қуръонга чақирса, унинг ўзи тўғри йўлга бошланади;
2. Ким Қуръон билан одамларни даъват қилса, тўғри йўлга бошлайди, уларни нотўғри фикр ва қарашлардан асрайди.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218802
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98147
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47170
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45623
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24744