Тавбанинг шартлари ва уни мукаммал қилиш амаллари
14.9.2015 5581

    “Тавба” сўзи жуда буюк сўз. У чуқур маъно-мазмунга эга. Кўпчилик ўйлаганидек, тавба тил билан “Тавба қилдим, астағфируллоҳ” деб қўйиб, яна гуноҳни қилавериш эмас. Аллоҳ таоло Қуръонда бу ҳақда шундай деган: “(Аллоҳ буюрадики), Раббингиздан мағфират (кечирим) сўрангиз, сўнгра Унга тавба қилингиз” (Ҳуд, 3). Оятга яхшилаб эътибор қилсак, истиғфорнинг ўзи кифоя эмас экан, энди тавба ҳам қилиш керак экан. Тавбадек буюк ишнинг албатта ўзига яраша шартлари бор. Тавба қабул бўлиши учун ўша шартлар бажарилиши лозим ва лобуддир. Уламолар Қуръон ва ҳадисда келган тавбага оид маълумотларни яхшилаб ўрганиб, унинг қуйидаги шартлари борлигини эълон қилганлар:

 

1. Гуноҳдан тезда тўхташ.

 

2. Гуноҳга пушаймон бўлиш.

 

3. Гуноҳга қайтмасликка азму қарор қилиш.

 

4. Ҳақ эгаларига ҳақларини қайтариш ёки уларнинг розилигини олиш.
Баъзи аҳли илмлар тавбанинг ҳаққоний бўлиши учун яна қуйидаги шартларни ҳам келтирадилар.

 

1. Гуноҳни тарк этиш фақат ва фақат Аллоҳ учун бўлиши, бошқа нарса учун эмас.

 

    Масалан, гуноҳ қилишга қудрати етмаганидан, унга қайтишнинг иложиси бўлмаганидан ёки одамларнинг сўзларидан қўрқиб гуноҳни тарк этиш ҳақиқий тавба ҳисобланмайди. Обрўсига футур етишидан, одамлар кўзига ёмон кўринишдан, вазифасидан олинишидан қўрқиб гуноҳни тарк этган кимса тавба қилувчи ҳисобланмайди. Соғлигини, қувватини сақлаш мақсадида гуноҳни тарк этган кимса тавба қилувчи ҳисобланмайди. Мисол учун: спиддан қўрқиб ёки жисми заифлашишидан хавотирланиб зинони тарк этса. Пули йўқлиги учун ароқ ичмаган ёки гиёҳванд модда истеъмол қилмаган ёхуд тамаки чекмаган кимса, ўша гуноҳдан тавба қилувчи ҳисобланмайди.
    Ўз ихтиёридан ташқари сабаб билан гуноҳ қилмаган кимса ҳам тавба қилувчи саналмайди. Масалан, ёлғончи кимса тилдан қолгани учун ёлғон гапиролмаётган бўлса, у мазкур гуноҳдан тавба қилувчи саналмайди. Одатда зино қилиб юрган кимса импотент (жинсий ожиз) бўлиб қолгани учун зинога бормаётган бўлса, у мазкур гуноҳдан тавба қилувчи ҳисобланмайди. Ўғри бир балога йўлиқиб, оёқ-қўллари ишламай қолгани учун ўғрилик қилмаётган бўлса, у мазкур гуноҳдан тавба қилган ҳисобланмайди.
    Балки бундай кимсаларнинг тавбалари ҳақиқий бўлиши учун улар ўша гуноҳларига надомат қилишлари, ўша гуноҳни қилиш орзусидан, қилолмаётганлик афсусидан бутунлай узилишлари, ундай ўй-хаёлларни батамом тўхтатишлари керак. Ана шундагина уларнинг тавбалари чин бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом бу борада “Надомат тавбадир” деганлар. Имом Аҳмад, Ибн Можа ривоят қилишган.
    Динимизда бир гуноҳни қилишдан ожиз бўлса-да, уни сўзи билан орзу қилган кимса худди ўша гуноҳни қилгандек манзилда бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадисларидан бирида шундай деганлар: “Албатта, бу дунё тўрт нафарникидир. Аллоҳ бир бандага мол ва илм берган. У ушбу неъматларда Роббисига тақво қилади, силаи раҳм қилади ва у неъматлардаги Аллоҳнинг ҳаққини танийди. Бу энг афзал манзилдир. Аллоҳ бир бандага илм берган-у, мол бермаган. У банда яхши ният қилиб, “Агар менинг ҳам молим бўлганида, фалончидек амал қилган бўлардим” дейди. У ўша нияти билан аввалги бандадек мақомга кўтарилади. У иккисининг ажри тенгдир. Аллоҳ бир бандага мол берган-у, илм бермаган. У илмсиз равишда молини нотўғри тасарруф қилади. Ўша молида Роббисига тақво қилмайди, силаи раҳм ҳам қилмайди ва ўша молидаги Аллоҳнинг ҳаққини танимайди. Бу энг ёмон манзилдир. Аллоҳ бир бандага мол ҳам, илм ҳам бермаган. Аммо у (ёмон ният қилиб): “Агарда менинг ҳам молим бўлганида, фалончи қилган ишни қилардим” дейди. У ўша нияти билан аввалги бандадек манзилга тушади. У иккисининг гуноҳи тенгдир”. Имом Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.

2. Гуноҳнинг қабиҳлигини ва зарарини ҳис қилиш.


   Киши қилган гуноҳини эслаганда лаззат ва ҳурсандчиликни ҳис этса ёки келгусида яна ўша гуноҳига қайтишни орзу қилса, унинг тавбаси саҳиҳ бўлмайди. Олимлардан бири гуноҳнинг зарарларини қуйидагича келтирган экан:

 

1) Илмдан маҳрум бўлиш;
2) Қалбдаги ваҳшат;
3) Ишларнинг қийинлашиши;
4) Тананинг заифлашиши;
5) Тоатдан маҳрум бўлиш;
6) Бараканинг кетиши;
7) Тавфиқнинг камайиши;
8) Юракнинг сиқилиши;
9) Ёмонликларнинг пайдо бўлиши;
10) Гуноҳларга одатланиш;
11) Гуноҳкорнинг Аллоҳ наздида арзимас бўлиши;
12) Гуноҳкорнинг одамлар наздида арзимас бўлиши;
13) Ҳайвонларнинг унга лаънат айтиши;
14) Хор бўлиши;
15) Қалбнинг мухрланиши;
16) Умумий лаънат остига кириш;
17) Дуонинг ижобат бўлмаслиги;
18) Денгизу қуруқликда фасоднинг ёйилиши;
19) Ғайратнинг йўқолиши;
20) Ҳаёнинг кетиши;
21) Неъматларнинг зойил бўлиши;
22) Ўч ва қасоснинг тушиши;
23) Қалбда кучли қўрқув (безовталик) бўлиши;
24) Шайтоннинг тузоғига тушиши;
25) Ёмон хотима топиши;
26) Охират азобига гирифтор бўлиши.

    Кишининг ушбу зарарларни билиши уни гуноҳлардан бутунлай узоқлашишига ёрдам беради. Чуки, баъзи кишилар бир гуноҳдан бошқасига ўтиб олишади. Бунга сабаб эса қуйидагича:

А) Янги гуноҳни аввалгисидан енгилроқ деб билади;

Б) Янги гуноҳга нафс кўпроқ мойил бўлади ва шаҳват ҳам унда жуда жўшади;

В) Янги гуноҳни қилишга шароит ва имкон бор бўлади. Аввалгиси махсус тайёргарликни талаб қилса, янгисини шу заҳоти, шу жойнинг ўзида қилишга имкон бўлади;

Г) Оғайнилар, шериклар шу янги гуноҳни қилиб юрган бўлади. У эса ўша оғайниларидан ажралгиси келмайди. Натижада у ҳам шерикларига қўшилиб, ўша гуноҳни қилади.

    Чунки, бир шахс бир гуноҳи сабабли ўртоқлари орасида қандайдир “обрўга”, “мартабага” эришиб турган бўлса, ўша “обрў”ни қўлдан чиқариш мазкур шахсга жуда қийин бўлади, натижада ўша гуноҳни қилишда давом этаверади.

3. Тавба қилишга шошилиш керак.


     Тавбани кечиктириш, орқага суришнинг ўзи ҳам алоҳида гуноҳ бўлиб, унга ҳам истиғфор айтиб, тавба қилиш керак. Шунинг учун ҳозирдан бошлаб тилларимизни “Истиғфор”га машғул қилиб, амалий тарзда тавба қилишни бошлашимиз керак!

4. Тавбаси ноқис бўлиб қолган бўлиши ва бунинг натижасида у қабул бўлмай қолишидан қўрқиш, хавотирланиш керак.


     Киши тавба қилар экан, “Тавбам қабул бўлди” деб ўзига суяниб қолиши ва Аллоҳнинг макридан, азобидан хотиржам бўлиши асло мумкин эмас.

 

5. Аллоҳнинг ҳаққида ва бандаларнинг ҳақларида ноқисликка йўл қўйган бўлса, уларни бажариб қўйиш керак.


     Мисол учун, ўтган йили закотга қодир бўла туриб, ўша закотни бермаган бўлса, бу йил бериб қўйиши керак. Намозларни қазосини ўқиши керак. Одамларнинг молларини ноҳақ ўзиники қилиб олган бўлса, олиб бориб бериши керак. Бировдан қарз олиб, бермай юрган бўлса, зудлик билан ҳақдорни топиб, олган қарзни қайтариши керак. Бировни ғийбат қилган бўлса, ёлғон гапирган бўлса, ҳақорат қилган бўлса, обрўсига тил теккизган бўлса, бориб, ундан узр сўраши ва ҳаққини ҳалол қилиши керак ва ҳоказо.

6. Агар бир жойда бир гуноҳни икки марта содир этган бўлса, ўша жойдан кетиш, узоқлашиш керак.


      Бунга “Юз кишини ўлдирган одамнинг тавбаси” ҳақидаги ҳадис мисол бўлади. Абу Саъид Саъд ибн Молик ибн Синон ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан олдингилар ичида 99 та жонни ўлдирган бир кимса бор эди. У ер юзи аҳлининг энг билимдон кишисини суриштирди. Уни бир роҳибга далолат қилинди. У роҳибнинг олдига келди ва ўзининг 99 та жонни ўлдирганини, тавба қилишига имкон бор-йўқлигини сўради. Роҳиб: “Имкон йўқ” деб жавоб берди. Бояги кимса роҳибни ҳам ўлдирди ва саноқни 100 тага етказди. Кейин яна ер юзининг энг илмли кишисини суриштирди. Уни бир олимга далолат қилинди. У бориб, ўзининг 100 та жонни ўлдирганини, энди тавба қилишига имкон бор-йўқлигини сўради. Олим: “Имкон бор. Сен билан тавба орасини ким тўса олади?! Сен фалон ерга бор. У ерда Аллоҳ таолога ибодат қилаётган инсонлар бор. Улар билан бирга ибодат қил. Ўз еринггга қайтма. Чунки, у ёмон жой экан” деб жавоб берди. Бояги кимса айтилган томонга жўнади. Ярим йўлга етганда, ўлим фариштаси унга етиб олди (вафот этди). У одам хусусида раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари тортишдилар. Раҳмат фаришталари: “Бу одам тавба қилган ҳолда қалби билан Аллоҳ таоло сари кетаётган эди” дейишди. Азоб фаришталари: “Бу одам ҳеч яхшилик қилмаган” дейишди. Шунда уларнинг ёнига бир фаришта одам суратида келди. Фаришталар уни бу ишга ҳакам қилдилар. У: “Сизлар унинг яшаган жойи билан бормоқчи бўлган жойини ўлчаб кўринглар. Бу одам қайси тарафга яқинроқ бўлса, ўша тарафга ҳукм қилинади” деди. Фаришталар ўлчаб кўрсалар, у одам бормоқчи бўлган тарафига яқин экан. Дарҳол унинг руҳини раҳмат фаришталари кўтариб олдилар”. Муттафақун алайҳ.
     Бир ривоятда: “У одам бир солиҳ қишлоққа бир қарич яқинроқ экан. Шунинг учун ўша қишлоқ аҳлидан деб эътибор қилинди” дейилган. Бошқа бир ривоятда эса: “Аллоҳ таоло бу ерга “Бу одамдан узоқлаш” деб, бунисига эса “Бу одамга яқинлаш” деб ваҳий қилди ва уларнинг орасини ўлчанглар” деб буюрди. Фаришталар ўлчашса, у одам бунисига яқинроқ экан. Бас, уни мағфират қилинди” дейилган.

7. Гуноҳга ёрдам берувчилардан узоқлашиш керак.


    Аллоҳ таоло Қуръонда: “У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар” (Зухруф, 67) деб марҳамат қилган. Бу дунёда бир-бирига ёмонлик йўлида ёрдамчи бўлганлар, гуноҳ ишларда улфат бўлганлар қиёмат куни бир-бирларини лаънатлашади. Бир ҳадисда “Суҳбат таъсир қилувчидир” дейилган. Халқимизда ҳам “Қозонга яқин юрсанг қароси юқади” деган мақол бор. Шунинг учун ундай ошналардан ажралиш-узоқлашиш, уларни тарк этиш, улардан узилиш, улардан эҳтиёт бўлиш лозимдир. Шундай ҳолатлар бўлганки, кишилар аввалги ёмон улфатлари билан алоқани тиклаганларида эски гуноҳларини қайтадан қила бошлаганлар.

8. Ўзида мавжуд бўлган ёмон ва ҳаром нарсаларни йўқ қилиш.


     Мисол учун уйида ароқ турган бўлса, уни тўкиб ташлаш, компютерда ва телефонда фаҳшга ундовчи, ибодатдан, Аллоҳнинг зикридан, оила нафақасидан, фарзанд тарбиясидан, Ватан ва дин хизматидан чалғитувчи, вақтни ўғирловчи мусиқа ва қўшиқлар, зинога ундовчи, турмуш ўртоғига хиёнат қилишга замин яратувчи расм, видео, қисса, ҳикоя, шеър ва ҳоказоларни ўчириш, шу мавзудаги китоблар, рисолаларни ёқиш, ялонғоч ҳайкалларни синдириш лозим бўлади. Истиқомат ва тавба остонасида жоҳилият либосини ечиш ўша истиқомат ва чин тавбага эришишнинг энг муҳим йўлларидан биридир. Қанчадан-қанча қиссаларда гуноҳига сабаб бўлган ҳаром нарсаларни ўзида сақлаб қолдиргани учун кейинчалик тавбасидан қайтган, ҳидоятдан кейин залолатга кетганлар ҳақида айтилади. Аллоҳ таолодан тавбамизда собит туришимизда ёрдам беришини сўраймиз!

9. Янги солиҳ дўстлар орттиришга ҳаракат қилиш.


     Зеро, улар кишини яхшиликка, ибодатга ундаб, гуноҳдан тийиб турадилар. Юқоридаги “Суҳбат таъсир қилувчидир” ҳадисини бу ерда ҳам келтириб ўтсак бўлади. Зеро, солиҳ дўстлардан яхшилик, одоб-ахлоқ, файз ўтади.

10. Гуноҳларда ўсган танасини Аллоҳнинг тоатига буриб, ҳалол таомларга эътиборни қаратиб, ҳаромдан битган гўштлар ўрнини ҳалол этлар эгаллашига бор куч-ғайратини қаратиш.

 

 

11. Тавбани ғарғарадан ва Қуёш мағрибдан чиқишидан олдин қилиш.

 

     Ғарғара – танадан жон чиқаётган пайтда томоқдан келадиган овоз. Бундан мақсад шуки, тавба қиёматнинг кичик (ўлим) ва катта (Қуёшнинг мағрибдан чиқиши) аломатларидан олдин бўлишига эришиш керак. Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислардан бирида: “Ким ғарғара бўлишидан олдин тавба қилса, Аллоҳ ундан (бу тавбани) қабул қилади” деганлар. Имом Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган. Бошқа бир ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ким Қуёш мағрибдан чиқишидан олдин тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади” деганлар. Муслим ривояти.
     Тавбанинг барча шартларини ўз ўрнига қўйиб, чинакам насуҳ тавба қилишни Аллоҳ барчамизга насиб этсин! Ўзининг ҳузурига гуноҳсиз ҳолда боришни барчамизга муяссар айласин, омин!

 

Нозимжон Иминжонов таржимаси



Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218842
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98156
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47175
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45634
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24746