Ватан деб уради имонли қалблар
31.8.2015 4599

Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним - Ўзбекистоним!

 

     Ватан бу киши фахрланиши мумкин бўлган энг қимматли нарсадир. Ватан бу инсоннинг киндик қони тўкилган ер, гўдаклигидан тетапоя қилиб юришни бошлаганда унга пояндоз бўлган, бола бўлиб ўйнаб-кулиб юрганда унинг учун кенг дала, кексайганда эса паноҳ бўлган, ҳаётий хотираларининг тирик гувоҳи, ота-боболарининг замини, фарзанду набираларининг ҳам уйи бўлган муборак бир макондир.

Ватан таркини бир нафас айлама!


    Ватаннинг ҳар бир қаричи қалбларимизга маҳбуб. Унинг ҳавоси, суви ва мевалари биз учун азиз ва қадрли. Тарихдаги барча шоирлару ёзувчилар, олимлару зиёлилар ватан туйғусини тараннум этганлар.

 

Ватан таркини бир нафас айлама
Яна ранжу ғурбат ҳавас айлама,


- дейдилар ҳазрат Алишер Навоий. Лекин ватанни севиш, унга бўлган меҳру муҳаббатини изҳор қилиш фақат ҳис-туйғулари нозик бўлган шоир халқигагина хос эмас, балки инсоният тарихдаги ҳатто босқинчи подшоҳлар ҳам буни ҳис қилганлар. Наполеон Банопарт ватанидан йироқда ўлим тўшагида экан: “Мен ўлсам юрагимни Францияга олиб бориб, дафн қилинглар!” деган эди.
    Шубҳасиз, ватанни севиш ҳисси ҳар бир инсоннинг фитратида, табиатида бор. Шу боис ҳам киши ватанидан узоқлашганда унга ниҳоятда қаттиқ талпинади, жудолик аламидан ўртанади ва ватанига оид бўлган барча нарсани соғина бошлайди.
    Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.

 

Энг гўзал ибрат



    Кишида ватанга бўлган муҳаббат чинакам маънода шаклланиши учун аввало динга мансублик туйғуси қарор топган бўлиши керак. Зеро, динимизнинг олийжаноб таълимотлари ватанни севишга, уни ардоқлашга, унга садоқат кўрсатишга чорлайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз туғилиб ўсган шаҳарлари Маккадан мажбуран чиқиб, Мадинага ҳижратга юзланар эканлар, йўлда тўхтаб, ортларига ўгирилиб, қуйидаги сўзлар билан ватанлари билан видолашган эдилар: “Мен биламанки, сен барча шаҳарлар ичида Аллоҳ учун энг суюклисидирсан. Агар сенинг аҳлинг мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлардим!”
    Шундан сўнг ул зот (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинани иккинчи ватан тутдилар. Ул зотнинг ватанпарварликлари, тупроғида яшаётган маконга мансубликлари жуда кўп ўринда яққол кўзга ташланади.
    Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина ҳаққига шундай дуо қилардилар: “Эй Аллоҳ, Мадинани бизга худди Маккани маҳбуб қилганингдек, балки ундан-да қаттиқроқ маҳбуб қилгин!.. Эй Аллоҳ, бу шаҳарни турли касалликлардан асраб, сиҳатли қилгин. Унинг соъини ва муддини баракали қил. 
     Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга ватан бўлган Мадинани ҳар қандай ички ва ташқи хавф-хатарлардан, турли қабилавий низо ва келишмовчиликлардан сақлаб, ҳимоя қилиш учун бир қанча катта ишларни амалга оширдилар. Аҳолининг маънавиятини оширдилар. Бунга мисол қилиб, биринчи ўринда муҳожир ва ансорларни бир-бирларига дўст-биродар қилиб қўйганликларини эсга олишимиз мумкин. Бу иш билан ички низоларнинг олди олинди. Шунингдек, Набий алайҳиссалом Мадинага келишлари билан кўп ўтмай у ердаги мусулмон бўлмаган қавмлар билан ҳам тинчлик алоқаларини ўрнатиб, ўртада сулҳ ва аҳдномалар туздилар. Бу ватан тинчлигини ички томондан сақлаш учун қўйилган қадам эди.

 

Ҳаммамиз Ватан олдида қарздормиз


     Ватан неъмати буюк неъматдир. Барча инсон Аллоҳ томонидан ато қилиб қўйилган мана шу неъмат бағрида туғилиб, ўсиб-улғаяди, унинг яхшиликларидан насибадор бўлади. Бинобарин унинг зиммасида мазкур муҳитга нисбатан, бу муҳит ўз ичига олган нарсаларга нисбатан маълум ҳақ-ҳуқуқлар ва мажбуриятлар пайдо бўлади. Ўзини ватанига мансуб деб билувчи киши бу ҳақларни адо қилмоғи лозимдир. Бу ҳақ-ҳуқуқлар ватанга садоқат, уни яхши кўриш, уни кўз қорачиғидай асраб, келажак авлодларга озод ва обод ҳолда етказиш, унинг ривожи ва равнақи учун имкониятидаги бор нарсаларни ишга солиш, унда яшовчи кишиларга нисбатан ўз мажбуриятларини адо этиш, масалан, қўшничилик, қариндошлик ҳақ-ҳуқуқларини адо қилиш, одамларига зиён етказмаслик каби кўплаб нарсаларда намоён бўлади.
     Ватанга хизмат бу ҳар бир ватандошимизнинг шиори бўлиши лозим. Ана шундагина мазкур буюк аждодларимизга лойиқ авлод бўлишимиз ва улар олдидаги маънавий қарзимизни узишимиз мумкин. Азиз ҳамюртлар! Энг азиз, энг улуғ байрам - Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги бурчангизга муборак бўлсин!

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217535
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24637