Ассалому алейкум
Мавзу:

Лўлига садақа бериш керакми?

Савол:

Ассалому алайкум, устоз! Сизга саволим бор эди: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эшингга садақа сўраб келганга садақа бер, ҳатто отда келса ҳам”, деган ҳадисларини ўқигандим. Бир киши, агар лўли келса берилмайди, деди. Мен юқоридаги ҳадисга кўпроқ амал қиламан. Уйдагиларга ҳам шуни уқтираман. Бу кўнгилчанлигимданми, билмадим? Шу масалага ойдинлик киритиб берсангиз: лўлига садақа бериш керакми?

 

 

 

Булим Ақида
7417
Жавоб:

Ва алайкумус салом. Ислом динида зарурат бўлмаган вақтларда тиланчилик қилишдан қайтарилган. Айниқса, касб-кор қилишга қодир одамнинг тиланчилик қилиши қаттиқ қораланади. Аллоҳ таоло иффатини сақловчи бандалари ҳақида шундай деган: “(Садақот-эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тўсилган, бирор ерга сафар қилишга қодир бўлмайдиган, қаноатлари сабабли билмаган одамга бой-бадавлат бўлиб кўринадиган фақир-камбағаллар учундир. Уларнинг (муҳтожликларини) сиймоларидан билиб оласиз. Улар одамлардан тиланиб туриб олмайдилар. Қандай яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билувчидир” (Бақара, 273).
     Аллоҳ таоло ушбу оятда савдо-сотиқ қилиш учун сафар қилолмайдиган, тирикчилик ўтказиш учун бирон манбаси бўлмаган, қийин аҳволда бўлишига қарамай нолимайдиган, одамлар олдида хиралик билан тиланчилик қилмайдиган кишиларни тилга олиб, садақани айнан шундай одамларга бериш кераклигини таъкидламоқда.



عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنَ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَسْأَلُ النَّاسَ حَتَّى يَأْتِيَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لَيْسَ فِي وَجْهِهِ مُزْعَةُ لَحْمٍ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ.

    Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Киши тиланчилик қилишда давом этиб, ҳатто қиёмат куни юзида бир парча эти қолмаган ҳолида келади” (Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривояти). Тиланчилик қилишни касб қилиб олган одам дунёда юзини шувит қилиб нарса сўрайди. Оиласини шунинг орқасидан “боқади”. У мана шу ишида давом этаверса, эртага қиёмат куни юзида бирон парча гўшти йўқ ҳолида тирилади. Баъзилар бу ҳадисни шарҳлаб, тиланчининг охират куни қадр-қиймати бўлмайди, десалар, бошқалар тиланчи қиёматда жуда хунук суратда тирилади, дейишган. Нима бўлганда ҳам, молини кўпайтириш учун тиланчилик қиладиганлар ҳолига қиёмат куни ҳавас қилиб бўлмас экан.

عَنْ عَائِذِ بْنِ عَمْرٍو أَنَّ رَجُلًا أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَسَأَلَهُ فَأَعْطَاهُ فَلَمَّا وَضَعَ رِجْلَهُ عَلَى أُسْكُفَّةِ الْبَابِ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَوْ تَعْلَمُونَ مَا فِي الْمَسْأَلَةِ مَا مَشَى أَحَدٌ إِلَى أَحَدٍ يَسْأَلُهُ شَيْئًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ لِغَيْرِهِ.

     Оиз ибн Амрдан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, сўради. У зот унга бердилар. У оёғини эшик ёғочига қўйганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар тиланчиликда нима борлигини билганингизда, орангизда ҳеч ким бошқа бирингиз олдига нарса сўраб бормаган бўларди”, дедилар (Термизий ривояти. Ривоят санади ҳасан лиғойриҳ). Тиланчи қилаётган иши қандай оқибатга олиб боришини билганида, бу қилмишини ўша заҳоти ташларди.


عَنْ الزُّبَيْرِ بْنِ الْعَوَّامِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَأَنْ يَأْخُذَ أَحَدُكُمْ حَبْلَهُ فَيَأْتِيَ بِحُزْمَةِ الْحَطَبِ عَلَى ظَهْرِهِ فَيَبِيعَهَا فَيَكُفَّ اللَّهُ بِهَا وَجْهَهُ خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَسْأَلَ النَّاسَ أَعْطَوْهُ أَوْ مَنَعُوهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

     Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Бирингиз арқонини олиб, белига бир боғ ўтиб орқалаб келиб сотиши ва Аллоҳ уни (тиланчиликдан) тўсиши унинг, одамлар берсалар-бермасалар, улардан (бирон нарса) сўрашидан яхшироқдир” (Бухорий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
    Исломда иффатни сақлашга қилинаётган тарғибни қаранг? Бир боғ ўтин арзимаган пул бўлади. Лекин, банда тиланчилик қилгандан кўра тоққа чиқиб, қўлига болта ва арқонини олиб ўтин йиғиб, бозорга олиб бориб сотгани минг марта яхши. Одамлар берсалар, миннат қиладиган, бермасалар, маломат билан койийдилар. Одамларнинг қош-қовоғига қараб ўтирмасдан ҳар ким ўз кучи билан ҳалол тирикчилик қилиши шариат талабидир.
     Тиланчилик ҳақида гап кетганида яна бир жиҳатни эслатиб ўтиш керак: агар бир одам кутилмаганда жуда қийин аҳволга тушиб қолса, ҳожати миқдорида, ўзини ўнглаб олгунча тиланчилик қилишга рухсат этилади. Аллоҳ таоло Расулига шундай амр қилган: “Сўрагувчи – тиланчини эса (бирон нарса бермасдан) ҳайдаманг!” (Зуҳо, 10). Ушбу оятда тиланчини жеркимасдан, унга яхши муомалада бўлиш лозимлиги айтилмоқда. Тафсир китобларида эшикдан нарса сўраб келган муносиб одамга бирон нарса бериш, йўқ деганда чиройли муомала билан кўнглини олиш таъкидланган.
    Аммо бугунги кунда тиланчиликни касб қилиб олган кимсалар ҳақида бундай деб бўлмайди. Сабаби улар ҳожатларидан ташқари нарсаларни одамлардан сўрайдилар, бирларини икки қилмоқчи бўладилар, тирикчилик қилишга лаёқатлари бўлса ҳам “тарки одат амримаҳол” дегандек, ўз билганларидан қолмайдилар. Мўмин киши садақа олишга лойиқ одам билан тиланчиликни касб қилиб олган кимсани яхши ажрата олиши керак. Шунда молини ўрнига сарфлаган, муносиб одамни қуруқ қайтармаган бўлади. Шунда бирини икки қилиш илинжида бўлган олғирлар чўнтаги қаппайишига сабабчи бўлмайди.

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217029
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Лўлига садақа бериш керакми?

Ассалому алайкум, устоз! Сизга саволим бор эди: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Эшингга садақа сўраб келганга садақа бер, ҳатто отда келса ҳам, деган ҳадисларини ўқигандим. Бир киши, агар лўли келса берилмайди, деди. Мен юқоридаги ҳадисга кўпроқ амал қиламан. Уйдагиларга ҳам шуни уқтираман. Бу кўнгилчанлигимданми, билмадим? Шу масалага ойдинлик киритиб берсангиз: лўлига садақа бериш керакми?

7417