Бир оят тафсири туркумидан
4.8.2016 6749

    Еру Осмонни мунаввар қилиб турган Зотга ҳамду санолар бўлсин. Зулматдан нурга чиқишимизга сабабчи бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин. Аллоҳ ва Расулининг нур таратувчи сўзларини бизга етказиб баён қилиб берган саҳоба ва аҳли байтдан Аллоҳ рози бўлсин. Сиз азизлар билан Нур сурасининг 35- оятининг маъно ва мазмунини англашга ҳаракат қиламиз. 
      Ушбу оятнинг тафсирига киришишдан олдин Нур сураси тўғрисида бирозгина маълумот бериб ўтмоқчимиз. Бу сура ҳижрий сананинг олтинчи йилида Мадинаи Мунавварада, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги мусулмонлар Бану Мусталақ ғазотидан қайтиб келаётганларида нозил бўлган. Нур сурасида мўмин-мусулмонларнинг шахсий ва ўзаро муомалалардаги одоблари, бировни уйига кирганда изн сўраб кириш, кўзни номаҳрамлардан тийиш, зинодан сақланиш, номаҳрамларнинг бир-бирлари билан аралашмаслиги каби масалалар кўриб чиқилган. 
      Бундан ташқари бу сурада мусулмон оила учун зарур бўлган иффат, поклик ҳақида гапирилади. Ички низолар ва ахлоқий бузуқликлардан қайтарилади. Нур сураси борасида уламоларнинг айтган сўзлари: Саҳобийлар ўз фарзандаларига: "Нур сурасини ёдлагин", деб буюришарди.("Тарихул рошодийн". Доктор Абу Аъло) 
      Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Нур сураси борасида қуйидагилар айтилган: عن عائشة رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قالت: قال رسول الله صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : "لا تنزلوا النساء الغرف، وعلموهن الغَزْلَ وسورة النور". 
      Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларни уйни ичига тушириб қўймасдан, уларга тикиш-бичишни ва Нур сурасини ўргатинглар", дедилар".("Тафсирул лубоб" Ибн Одил). 
       Нур сураси 35- оятнинг тафсири: 
       اللَّهُ نُورُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ مَثَلُ نُورِهِ كَمِشْكَاةٍ فِيهَا مِصْبَاحٌ الْمِصْبَاحُ فِي زُجَاجَةٍ الزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوْكَبٌ دُرِّيٌّ يُوقَدُ مِنْ شَجَرَةٍ مُبَارَكَةٍ زَيْتُونَةٍ لَا شَرْقِيَّةٍ وَلَا غَرْبِيَّةٍ يَكَادُ زَيْتُهَا يُضِيءُ وَلَوْ لَمْ تَمْسَسْهُ نَارٌ نُورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَنْ يَشَاءُ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ [النور : 35] 
      "Аллоҳ осмонлар ва Ернинг "нури"дир. Нурининг мисоли худди бир токча ичидаги чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дурдан яралган юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган муборак зайтун дарахти (мойи)дан ёқилур. Унинг мойи (мусаффолигидан), гарчи унга олов тегмаса-да, (атрофни) ёритиб юборгудекдир. (Мазкурлар қўшилганда эса) нур устига нур (бўлур). Аллоҳ ўзининг (бу) нурига ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисолларни келтирур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир".

         "Аллоҳ осмонлар ва Ернинг "нури"дир". Бошқа бир қироатда "Наввара", деб ўқилган. Яъни Аллоҳ еру осмонни ёритди ва нурга тўлдирди. (Тафсиру Ибн касир) 
       Еру-осмонни ёритувчи фақатгина Аллоҳдир. Агар Аллоҳ еру-осмонни ёритмаса, уни ҳеч ким ёрита олмас. Зеро Қасос сурасининг 28 – оятида бу ҳақида шундай дейилган: "(Эй, Муҳаммад! Уларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кечани Қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси "илоҳ" сизларга бирор ёруғлик келтира олур?! Ахир, эшитмайсизми?!". ("Тафсиру Абдулғаний". Шайх Абдулғаний Димётий) 
        Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу "Оятдаги нурдан мурод ҳидоят қилувчиси", деганлар. Шунда маъно: "Аллоҳ еру осмондаги барчани ҳидоятга бошловчисидир. У хохлаганини ҳидоят қилади. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ҳидоятга бошлай олмас", дегани бўлади. Чунки, оятнинг давомида: "Аллоҳ ўзининг (бу) нурига ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур", деган. ("Баҳрул улум" Самарқандий). Шунга кўра, ояти каримадаги “нур”дан мурод ҳидоят бўлади. Зеро, Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида нур (ёруғлик) сўзи ҳидоят ва тўғри йўл, зулмат (қоронғулик) эса залолат ва нотўғри йўлни ифодалаб келган. “Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик-нурга чиқарур” (Баыара сураси: 257-оят). Абу Жаъфар айтади: “яъни, уларни куфр зулматларидан иймон нурига олиб чиқади” (Табарий тафсири). Мазкур оятнинг тафсирида Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади: “Раббим шундай дейди: нурим ҳидоятимдир” (Табарий тафсири). 
     Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳу юқоридаги “Аллоҳ осмонлар ва Ернинг "нури"дир” оятига қуйидагича изоҳ беради: “У шундай мўминки, Аллоҳ унинг қалбига иймон ва Қуръонни жо қилган ва буни “Аллоҳ осмонлар ва Ернинг "нури"дир” сўзи билан зарбул масал қилган (Абу Жаъфар Розийдан нақл қилинган). 
     Ибн Журайж "Аллоҳ осмонлар ва Ернинг "нури"дир", ояти каримасининг тафсири борасида Мужоҳид ва Ибн Аббосдан шундай сўзларни нақл қилади: “яъни, Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча ишларни тадбир қилади, ундаги юлдузларни, қуёшу ойни бошқариб туради” (Ибн Касир тафсири). Суддий мазкур оятни шундай очиқлайди: “яъни, Унинг нури билан осмонлару Ер мунаввар бўлган”
      "Нурининг мисоли худди бир токча ичидаги чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дурдан яралган юлдузга ўхшайди". Бу оятда Аллоҳ таоло мўминнинг қалбини ирода қиляпти. Яъни мўмининг кўксини токчага ўхшатди. Қалбини эса ўша токчадаги шиша ичидаги чироққа(яъни фонусга) ўхшатди. У чироқ ўзининг шишаси билан биргаликда нур таратаётган дурдан яралган юлдузга ўхшайди. У чироқ мусаффо ва тоза зайтун ёғи билан ёқилади. Бу зайтан ёғи шу даражада тоза ва олий нав ҳисобланадики, ҳатто оловсиз ҳам ўзи ёқилай дея ёзади. 
     Бу чироқни ёқиш ва мунаввар қилиш учун ишлатиладиган олий навли зайтун ёғидан мурод Аллоҳ томонидан ўша қалбни мунаввар қилиш ва ёритиш учун берилган иймон ва маърифатдир. У шу даражада кучлики, кимнинг қалбига кирса, албатта уни мунаввар қилиши аниқ. (Тафсиру Қушайрий). 
      "У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган муборак зайтун" У шунақа дарахтки, фақатгина кундузининг аввалида қуёш нури тегадиган шарқда ўсувчи зайтун ҳам эмас, ёки фақатгина қуёш ботаётганда қуёш нурини кўрадиган ғарбда ўсувчи зайтун дарахти ҳам эмас. Балки у тонг чққандан, кеч кургунча қуёш нуридан баҳра оладиган ўртада ўсувчи дарахт. Яъни мўминнинг қалби васатийлик сувидан суғорилган, гоҳ ундай, гоҳ бундай бўлмайдиган, иймонида собит қалб ҳисобланади.(Тафсиру Саъдий). 
        "Нур устига нур (бўлур)". Мўмининг фитратидаги иймон нури билан Аллоҳ томонидан бериладиган бу нур биргалика кўзни қамаштирадиган даражадаги нур устига нур бўлади. Нури бўла туриб Аллоҳ томонидан фазл ўлароқ бериладиган бу нур туфайли мўмин ақидасида собит, турли хил фитна ва васвасаларга учиб кетмайдиган бақувват инсонга айланади. ("Тафсиру Абдулғаний". Шайх Абдулғаний Диёмитий). 
        Аллоҳ ўзининг (бу) нурига ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Бу нур шу даражада қимматбаҳо нурки, уни Аллоҳ Ўзи хохлаган ва севган бандасига беради. Дунёдаги бошқа барча неъматлар бу нур олдида яъни иймон келтириш неъмати олдида, арзимас матога айланади. Шунинг учун баъзилар ўз наздида олий неъмат деб билган бойликни Аллоҳ кофирга ҳам, мўминга ҳам беради. Аммо иймонни фақат Ўзи севган бандасига беради. Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар мол-дунё Аллоҳнинг наздида чивиннинг қанотичалик қадрга эга бўлганида, ундан кофирга бир ҳўплам сув ҳам бермас эди", деганлар. Иймондан йироқ молу дунё эгалари нурсиз, истараси совуқ бўлади. Аммо Аллоҳ кимга иймон неъматини берган бўлса, у инсоннинг истараси иссиқ, суҳбатлашсангиз яна суҳбатлашишишнгиз келадиган нурли инсон бўлади. бу сўзимизнинг далили Аллоҳ таолонинг "Кимга Аллоҳ нур (имон) бермаса, бас, унинг (учун) ҳеч қандай нур йўқдир", деган сўзидир.("Тафсиру иршодий". Абдурраҳмон Киноний ) 
       Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисолларни келтирур. Яъни бу зарбул масал ақли ва фаҳми бор бўлган ҳар қандай инсонни, дунё неъматлари борасида тадаббур қилишга чорлаб, ўша неъматлар орасида иймон неъмати энг улуғ эканлигини англаши ва Аллоҳдан Иймон неъматини сўраб, иймонли бўлишига интилиши учундир. ("Албаён фи тафсирир каламир-Роҳман". Доктор Фуад Зинтаний). 
         Аллоҳ барчаларимизни иймон неъматидан баҳраманд айласин. 

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217539
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24637