Фақирнинг кибри
31.10.2016 5838


عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ثَلاَثَةٌ لاَ يُكَلِّمُهُمْ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلاَ يُزَكِّيهِمْ قَالَ أَبُو مُعَاوِيَةَ: وَلاَ يَنْظُرُ إِلَيْهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ: شَيْخٌ زَانٍ وَمَلِكٌ كَذَّابٌ وَعَائِلٌ مُسْتَكْبِرٌ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ.

 

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ (адолати, фазлу карами, ғазаби ва розилиги зоҳир бўладиган) қиёмат куни уч тоифага гапирмайди, уларни покламайди (Абу Муовия: “Уларга назар солмайди”, деди) ва улар учун аламли азоб бордир: зино қилувчи қария, ёлғончи подшоҳ ва мутакаббир камбағал” (Муслим ва Аҳмад ривоят қилган). Ҳадисдаги “гапирмайди”ни уламолар “розилик ила гапирмайди ёки мутлақо гапирмайди”, деб тушунтиришган. “Уларни покламайди”. Яъни, бошқа мўминлардан фарқли ўлароқ, улар шаънига мақтов айтмайди ёки уларнинг гуноҳларини авф этиш билан маъсиятлардан покламайди. “Уларга назар солмайди”. Яъни, уларга раҳмат, лутф ва иноят ила қарамайди.
    Кибрланиш ҳеч кимга: бойга ҳам, камбағалга ҳам жоиз эмас. Аммо камбағалнинг такаббурлиги бойникидан ёмонроқдир. Сабаби у кибрга бирон сабаб бўлмаган ҳолда, ўзида йўқ нарсалар билан мақтанади. Бойда эса молу давлат бўлгани учун кибрга мойиллик сезади. Лекин охиратда нажот топишдан, Аллоҳнинг розилигига эришишдан умиди бор банда, бой бўлсин, камбағал бўлсин, қалбини кибрдан тозалайди, камтарлик либосини ўзига лозим тутади.
     Одатда, кибрга асосан бойлик, мансаб-мартаба ва обрў-эътибор турк беради. Камбағал одам бу нарсалардан деярли мосуво бўлади. Унинг кибрланишига омил йўқ, сабаб йўқ. Шундай бўлса-да, айрим фақир кишилар ўзида йўқ нарсалар билан манмансирайди, ўзини катта олади, чўнтагида минг сўм пули йўқ, худди бойваччалардек тутади ўзини (Аслида бойларнинг ҳам кибр қилиши шаръан мумкин эмас). Мансаб-мартаба кўчасини хатлаб ҳам ўтмаган айрим кимсалар керилади, худди бир курсини эгаллаб тургандек ўзини катта тутади. Унутмайлик, бойнинг кибр қилиши ёмон, камбағалнинг такаббурлиги ундан ҳам ёмон. Фақирларнинг камтар бўлиши яхши. Бадавлат кишиларнинг тавозеъси ундан ҳам яхши.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَرْبَعَةٌ يَبْغُضُهُمْ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: الْبَيَّاعُ الْحَلاَّفُ وَالْفَقِيرُ الْمُخْتَالُ وَالشَّيْخُ الزَّانِي وَالإِمَامُ الْجَائِرُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَابْنُ حِبَّانَ وَأَبُو يَعْلَى وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ азза ва жалла тўрт тоифани – кўп қасам ичувчи савдогарни, мақтанчоқ-мутакаббир камбағални, қари зинокорни ва золим имомни қаттиқ ёмон кўради” (Насоий, Ибн Ҳиббон ва Абу Яъло ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
    Мақтанчоқ камбағал одам Аллоҳ ёмон кўрадиган кимсалардандир. Бироқ банданинг молу давлати бўлиб, ўзи камтар ва сахий бўлса, бундай кишилар Аллоҳ учун маҳбуб бўладилар. Кўп қасам ичувчи савдогар молини ўтказиш учун ёлғон қасам ичади, “Ўзим мунчага олганман”, деб харидорни алдайди, дунёнинг озгина матоҳига эришиш учун имонини, виждонини сотади. Мақтанчоқ мутакаббир кибрга бирон сабаб бўлмаган ҳолда манманлик либосини кийишга уринган кимса саналади.
    Қари зинокор белидан куч-қувват кетиб, шаҳвати сусайган бўлишига қарамай, ҳаром йўлга юрадиган, оиласига хиёнат қиладиган кексадир. Ўзи зино энг манфур жиноят саналади. Ёшларнинг зино қилиши жуда оғир гуноҳ. Лекин ёши бир жойга бориб қолган қарияларнинг зино қилиши унда ҳам оғир гуноҳдир. Золим имом деганда, ёлғончи, ваъдабоз, омонатга хиёнат қиладиган, қўл остидагиларга жавр-зулм ўтказадиган бошлиқ назарда тутилади.
     Ҳадиси шарифда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда мана шу тоифаларга раҳмат назари билан қарамайди, уларни покламайди, улардан нафратланади. Амаллар ҳисоб-китоб қилинадиган оғир кунда нажот топаман, Аллоҳнинг розилигига эришаман, деган банда бирон нарса сотаётганда ҳалол бўлади, харидорни алдамайди, кибр-манманликдан йироқ юради, зинонинг яқинига ҳам йўламайди, одамларга ҳам, ўзига ҳам зулм қилмайди, адолат билан иш тутади.
    Нуҳ алайҳиссалом шундай деган: “Эй ўғлим, қалбингда зарра миқдорича ширк бўлган ҳолда қабрга кирмагин (ҳаёт экансан ўзингни тузат). Зеро, ким Аллоҳга мушрик ҳолида йўлиқса, унинг ҳужжати бўлмайди. Эй ўғлим, қалбингда зарра миқдорича кибр бўлган ҳолда қабрга кирмагин. Сабаби кибриё Аллоҳ азза ва жалланинг ридосидир. Ким Аллоҳ билан унинг ридосини талашса, У Зот ўша бандага ғазаб қилади. Эй ўғлим, қалбингда зарра миқдорича умидсизлик бўлган ҳолда қабрга кирмагин. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат адашган кимса ноумид бўлади” (Манба: Имом Аҳмад, “Зуҳд китоби”).

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: عُرِضَ عَلَيَّ أَوَّلُ ثَلاَثَةٍ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَأَوَّلُ ثَلاَثَةٍ يَدْخُلُونَ النَّارَ فَأَمَّا أَوَّلُ ثَلاَثَةٍ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ فَالشَّهِيدُ وَعَبْدٌ مَمْلُوكٌ أَحْسَنَ عِبَادَةَ رَبِّهِ وَنَصَحَ لِسَيِّدِهِ وَعَفِيفٌ مُتَعَفِّفٌ ذُو عِيَالٍ وَأَمَّا أَوَّلُ ثَلاَثَةٍ يَدْخُلُونَ النَّارَ فَأَمِيرٌ مُسَلَّطٌ وَذُو ثَرْوَةٍ مِنْ مَالٍ لاَ يُعْطِي حَقَّ مَالِهِ وَفَقِيرٌ فَخُورٌ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

 

     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Менга жаннатга кирувчи аввалги уч (тоифа) ва жаҳаннамга кирувчи аввалги уч (тоифа) кўрсатилди. Жаннатга аввал кирувчи уч (тоифа): шаҳид, Парвардигорига чиройли ибодат қилган ва хўжайинига холислик (ёки насиҳат) қилган мамлук қул, иффатли, оилали бўла туриб (тиланчиликдан) ўзини сақловчи кишидир. Жаҳаннамга аввал кирадиган уч (тоифа): ҳукмронлик берилган (золим) амир, мол-дунёси кўп бўла туриб унинг ҳақини адо этмаган кимса ва мақтанчоқ камбағалдир” (Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Ибн Абу Шайба ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
      Кимнинг жаннатга аввалгилар қаторида киришдан умиди бўлса, Аллоҳ йўлида жидду жуҳд қилсин, Парвардигорига холис ибодат қилсин ва иффатини сақласин! Ким оқибати ёмон бўлишидан қўрқса, одамларга зулм қилмасин, бойлиги ҳақини адо қилсин, ҳеч қачон кеккаймасин!

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217292
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24623