Жума куни туғилган қизлар нуқсонли бўладими? 07.11.2015
Савол:Ассалому алайкум, қори ака! Қизим охирги кунларда мазаси бўлмай кўп йиғлайдиган бўлиб қолди. Ҳар хил дардларга чалинмокда. Уйдагилар домлага олиб бориб дам солдириб келишди. Домла Ёсин сурасини ўқиб дам солибди. Сўнгра бир хўроз сўйиб қонини қизимнинг баданига суртишни айтибди. Қонни баданга суртиш тўғрисида маълумот беришингизни илтимос қиламан! Ундан ташқари, қизим жума тонгида дунёга келган. Эшитишимча, жума куни дунёга келган қизлар бокира бўлмас эмиш. Шу тўғрида ҳам маълумот берсангиз! Жавоб учун олдиндан раҳмат!
Булим Маслаҳат11263
Ва алайкум ассалом. “Домла” сўзи омма халқ орасида жуда урф бўлган ва аралаш-қуралаш ҳолда ишлатиладиган бўлиб қолган: масжид имоми ҳам домла, фолбину азайимхон ҳам домла...
Қизингизнинг мазаси бўлмаса, шифокорларга кўрсатинг. Агар руҳий тарафдан касал бўлса, у ҳолда суннатга мувофиқ дам солиш керак. Қўлингиздан келса, ўзингиз дам солинг. Бўлмаса, ишончли, эътиқоди мустаҳкам ва тақволи кишиларга (имом бўлиши шарт эмас) олиб бориб дам солдиринг. Домла экан, деб дуч келган одамнинг олдига чопиб бораверманг!
Жонлиқ сўйиб, уни бола танасига суртиш шариатда йўқ. Ношаръий ишни буюрибди ўша одам. Жума куни туғилиш ва вафот этишнинг фазилати бўлиши мумкин. Аммо айнан жума кунида туғилганлиги сабабли бола бирон нуқсонли бўлиши мумкин эмас. Бу бўлмаган гап. Жума куни туғилса, ундай бўлади, жума куни туғилса, мана бу исмни қўйиш керак... Ҳаммаси оддий одамлар ўйлаб топган нарсалар.
Шариатда банданинг ўзига боғлиқ бўлмаган нарсада унга зулм қилинмайди. Яъни, кимнинг қайси жойда, қайси йилда ва кунда туғилиши ўзига боғлиқ эмас. Шундай экан, бунда фалон кунда туғилса, бахтсиз бўларкан, касалманд бўларкан, дейилмайди. Банданинг бахтли ёки бахтсиз бўлиши, аввало Аллоҳ тақдирига, қолаверса, банданинг амалига: имон ё куфр йўлидан юришига боғлиқ.
Сизга маслаҳатим, бу борада ким нима деса қулоқ солиб кетаверманг. Энг ишончли ва холис кишилардан маслаҳат сўранг.