Шу ишим тўғрими? 19.11.2015
Савол:Ассалому алайкум! Қори ака, эсингизда бўлса, катта ўғлим ҳақида ёзгандим: 14 ёшида вафот этганди. Шифокорларнинг айби билан. У ўғлим бошқача эди... Унга меҳрим бўлакча эди... Ҳар куни эслаб сиқиламан, лекин Яратгандан шаҳидлар қаторида қилишини сўраб дуо қиламан...
Яратган бизга яна фарзанд бериш арафасида. Мен унга вафот этган Абдуллоҳ ўғлимнинг исмини қўймоқчиман. Лекин, бу ишим онамларга ёқмаяпти. Маслаҳат беринг, қори ака: ўз билганимни қилайми ёки онамларнинг раъйларига қарайми?
6318
Ва алайкум ассалом. Аввало бу мусибатни шифокорлардан деб билманг. Бу синов. Унга сабр, ибодат билан жавоб бермоғимиз даркор. Аллоҳ таоло сизга сабр берсин! Ўрнига ундан ҳам яхшисини ато этсин! Исмлар ичида энг яхшиси “Абдуллоҳ” ва “Абдураҳмон”дир. Агар “Абдуллоҳ” исмли фарзандингиз вафот этган бўлса, кейингисига яна “Абдуллоҳ” исмини қўйсангиз бўлади. Муҳими, “яна бир кор-ҳол бўлмасин” деб шумланмасангиз бўлгани. Агар онангизга бу ҳолат ёқмаётган бўлса, унда “Абдураҳмон” исмини қўйинг. Чиройли исмлар кўп.